Ташқи реклама бозори тартиби қандай таъминланяпти?

Реклама соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, реклама бозори иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири. Бу борада Самарқандда қандай ишлар қилиняпти?

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Ашуровнинг Zarnews.uz'га маълум қилишича, ташқи реклама объектлари­ни (конструкцияларини) ер участкалари ва давлат мулки бўлган объектларга ўрнатиш мақсадида “Е-ауксион” электрон савдо платформасига 1611 та ер участкаси жойлаштирилган.

- Шундан 696 та ер участкаси сотилиб, 1018,7 миллион сўм маблағ туширилиши таъминланди, - дейди Ж.Ашуров. - Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида 2020-2022 йилларда 68 та тадбиркорлик субъекти билан 782 та ташқи реклама объектларида (конструкцияларида) реклама жойлаштириш ҳуқуқи учун 2120 миллион сўмлик шартномалар тузилган. Шу асосда 1825,1 миллион сўм маблағ ундирилган. Қолган 294,9 миллион сўм қарздорликларни жорий йил давомида ундириш чоралари кўрилмоқда.

2023 йилда ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун 82 та субъект билан 3602,8 миллион сўмлик шартномалар тузилди. Мазкур шартномаларга асосан, бугунги кунга қадар 512 миллион сўм маблағ туширилди.

Ахборот олами ривожланиб бораётган бугунги даврда реклама фаолиятини тартибга солиш, истеъмолчиларни нотўғри рекламадан ҳимоя қилиш ҳам муҳим масалалардан. Шу боис вилоят ҳокимлиги, солиқ бошқармаси ва ҳудудий бошқармамиз ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан доимий мониторинг тадбирлари ўтказиб келинади.

Бу борада 2022 йил ва жорий йилнинг январь-­апрель ойларида қонун талабларига мос келмайдиган 21792 га яқин пешлавҳа, реклама, эълон ва бошқа ахборот матнлари олиб ташланди.