Машҳур кишиларнинг дори воситалари рекламасида иштироки тақиқланади
Олий Мажлис Сенатининг бугун ўтказилган йигирма тўртинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун билан машҳурларнинг дори воситалари рекламасида иштироки тақиқланиши белгиланди.
Таъкидланишича, амалдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун 1998 йил 25 декабрда қабул қилинган бўлиб, бугунга қадар унга 15 маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шунингдек, ушбу соҳа қонундан ташқари яна 3 та идоравий ҳужжат билан ҳам тартибга солинмоқда.
Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйилган талаблар кучайтирилиб, янги нормалар киритилмоқда. Булар - дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид келувчи шакл, ибора, ва образлардан фойдаланиш, товарнинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш.
Бундан ташқари, қонунда дори воситалари рекламасига қатъий талаблар ўз аксини топган. Эндиликда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирокидан фойдаланиш тақиқланади.
Шу билан бирга, телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати давомида йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.