Пешлавҳалар қайси хорижий тилда ёзилмасин, она тилингда янграганидек илиқлик бермайди
Ҳар куни кўчага чиқар эканмиз, янгидан-янги бунёд этилаётган бинолар, боғ ва хиёбонлар инсонга хуш кайфият бағишлайди. Aммо дўконлар, маиший хизмат объектлари, умумий овқатланиш шохобчаларнинг пешлавҳалари, реклама ва эълонлар хорижий, айниқса, рус ва инглиз тилларида ёзилиши кишининг ғашини келтиради. Афсусланарлиси, кундан-кунга замонавийлашиб, чирой очиб бораётган кўчаларимизда ўзбек тилида ёзилган номларни учратиш мушкул бўлиб қолди.
Aбдурауф Фитрат ўзининг “Тилимиз” номли мақоласида ўзбек тилини энг бой, лекин имкониятидан кам фойдаланиладиган тил, дея тарифлаган эди. Унинг қарашлари бугунги кун учун ҳам айтилгандек гўё.
Aчинарлиси, баъзи чет тилидаги сўзларнинг маъносига ҳам эътибор берилмайди. Пешлавҳаларда битилган айрим сўзларнинг мазмуни миллий ўзлигимизга, қадриятларимизга, ҳатто ахлоқ қоидаларимиз тўғри келмайди. Чет тилларида ёзилаётган бу номлар қанчалик жарангдор бўлмасин, у шу юртда яшовчи инсон қалбига илиқлик бермайди.
Бугун бошланғич синфларда ҳам чет тиллари ўргатиляпти. Бу яхши, албатта. Киши қанча кўп тил билса, унинг тафаккури кенгаяди, билим олиш имкониятлари ошади. Aммо ҳар бир болага аввал ўз она тилини мукаммал ўргатиш, унинг қалбида шу тилга меҳр уйғотиш лозим. Сабаби, ҳали ўз фикрига эга бўлмаган бола қайсидир тилни ўрганар экан, истаймизми, йўқми ўша миллат анъаналари, қадриятлари унинг тафаккуридан ўрин ола бошлайди. Оқибатда эса унинг онгида ўзлигига бегоналашиш, ўз она тилига эътиборсизлик ниш уради.
Интизор МAННОБОВA,
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабаси.