Термизда ўзбек кураши бўйича халқаро турнир бошланди
Аввал хабар қилганимиздек, Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XV халқаро турнир бўлиб ўтади.
Кеча вилоят Матбуот уйида ушбу халқаро турнирга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда хориждан келган меҳмонлар, маҳаллий ва чет эллик журналистлар, блогерлар иштирок этди.
Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, Халқаро кураш ассоциацияси техник директори Ризо Носирий, Ўзбекистон Кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Комилжон Юсуповлар ушбу турнирнинг аҳамияти ҳақида гапирди.
Таъкидланишича, мазкур халқаро турнирга 30 га яқин давлатдан 60 нафар курашчи келган, уларнинг 25 нафари аёл спортчилардир. Юртимиздан эса 60 дан ортиқ полвон йигит-қизлар гиламга чиқади.
***
Бугун тонгда хотира турнири анъанага мувофиқ Ал-Ҳаким Ат-Термизий бобомизнинг зиёрати билан бошланди.
Дунёнинг турли мамлакатларидан келган полвонлар аллома мақбарасида Хатму Қуръон қилинганида бирдек дуога қўл очдилар.
Вилоят ҳокимлиги эҳсон оши қилиб, дастурхон ёзди. Вилоят ҳокими Тўра Боболов полвонларга омад тилади, кексалар эл-юрт равнақи, ўзбек кураши ривожини тилаб дуо қилишди.
Зиëратгоҳ майдонида хорижий ва маҳаллий полвонлар ва кураш фахрийлари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди.
Асосий мусобақалар айни дақиқалар - соат 15:00 дан бошланди.
Каримберди Тўрамурод,
Термиз шаҳридан Zarnews.uz сайти учун махсус.