"Террористларгина шундай иш тутади" - Владимир Путин Навальнийни қўллаб-қувватлаш намойишини қоралади

Унинг сўзларига кўра, Россия фуқаролари ўз фикрларини билдириш ҳуқуқига эга, аммо улар буни қонуний усуллар билан қилишлари керак, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳам қонунга риоя қилишлари шарт. "Ҳар бир инсон ўз нуқтаи назарини қонун доирасида баён этишга ҳақлидир. Қонун доирасидан ташқарига чиқадиган ҳар қандай ҳаракат ҳеч қандай самара бермайди, балки хавфлидир" деди у.

“Россия талабалари куни” муносабати билан ўтказилган тадбирда Президент: "Ҳеч қандай ҳолатда вояга етмаганларни олдинга суриш керак эмас", дея таъкидлади. "Бу ишни - аёллар ва болаларни қалқон сифатида олдинга қўйишни террорчилар қилади. Бу ерда ҳийла бироз ўзгармоқда, аммо моҳият бир хил".

Аввалроқ, расмийлар Навальнийни митингларга қасддан вояга етмаганларни жалб қилганликда айблаб, ижтимоий тармоқлардаги оппозиция кампаниясини қоралаган эди. Мухолифат ҳукумат баёнотларини "тарғибот" деб атади.

Шанба куни Бутун Россия бўйлаб Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун оммавий митинглар бўлиб ўтди. У Берлиндан «Новичок» асаб-паралитик модда билан заҳарланиб даволаниб, Москвага қайтгач ҳибсга олинган эди. «ОВД Инфо» маълумотларига кўра, митингни тарқатиш пайтида 3700 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Навальнийнинг сафдошлари суд унинг шартли қамоқ жазосини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиши кутилаётган келгуси ҳафтанинг охири ва 2 февраль кунлари янги намойишлар ўтказиши ҳақида эълон қилишди.

Г.Холдорова тайёрлади.