Тест натижаси қачон эълон қилинади?

Президент қарори билан жорий йилги тест синовлари июль-август ойларида ўтказилиши белгиланди, деб ёзмоқда Xushnudbek.uz.

Шунингдек, жорий йилда ҳам тест натижалари ДТМнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Фақат балл эълон қилишда тартиб бироз бошқачароқ бўлади.

Яъни абитуриент тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни тест топширган кунининг эртасига билиши мумкин. Лекин эртаси куни фақат неча балл тўплаганини била олади, кирган-кирмаганини эмас.

Унинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмаганига оид маълумотни эса тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида ДТМ сайтидан кўриб олиши мумкин.

Нима учун бундай бўлади?

Чунки жорий йилдан бошлаб абитуриент бир пайтнинг ўзида 3 та йўналишга ҳужжат топшира олиши расман тасдиқланди. Шунинг учун ҳам абитуриентнинг ўқишга кирган ёки кирмаганини 1 кунда айтиш имконсиз.

Мисол тариқасида тушунтираман. Хоразмлик абитуриент ЎзМУ, ТАТУ ҳамда УрДУга ҳужжат топширди дейлик. Тестга Урганч шаҳрида 3 август куни кирди. Ўз-ўзидан энди аввалги йилдагидек, фалон ОТМнинг тести 1 августда, пистон ОТМнинг тести 3 августда деган нарса бўлмайди, бу йил ОТМлар аралаш бўлади. Фақат йўналишлардаги фанлар блокига қараб абитуриентлар кунларга ва павильонларга ажратилади.

Шундан келиб чиқиб, 3 август куни тест топширган абитуриент ҳали якуний натижани била олмайди, чунки у каби ЎзМУ, ТАТУ ёки УрДУ учун ҳужжат топширган абитуриентлар 5 ёки 10 августда ҳам тестга кириши мумкин.

Шунинг учун ҳам аввал ҳамма тест топшириб бўлишини кутиш керак. Якуний натижа шундан кейингина маълум бўлади.