Тил аждодлар меросини авлодларга етказувчи улуғ карвон

1705 йил Парижда чоп этилган “Мўғуллар империясининг умумий тарихи” номли китобда ХVI асрда Aкбаршоҳ томонидан ўтказилган бир ғаройиб тажриба ҳақида ёзилган.

Асарда таъкидланишича, улуғ шоҳ “Бирон бир тилга ўргатилмаган одамнинг табиий тили яҳудий тили бўлади”, деган ғайриилмий гапни эшитиб қолади. Шунда Aкбаршоҳ болага ҳеч қандай тил атайлаб ўргатилмаса, у чиндан ҳам қайси тилда гапирадиган бўлишини билишни истайди. Aна шу мақсадда шоҳ 12 нафар эмизикли болани ажратиб олиб, Aградан олти мил узоқликдаги қалъага жойлаштиради, уларни тарбиялашни 12 нафар соқов энагага топширади. Тилсиз қоровулга қалъа дарвозасини очиш қатъиян тақиқланади. Болалар ўн икки ёшга етганда, шоҳ уларни ҳузурига келтиришни буюради ва саройга барча тилларни биладиган донишмандларни ҳам таклиф этади. Aграда яшайдиган яҳудий болалар чиндан ҳам яҳудийча гапириш ёки гапирмасликларига ҳакамлик қилиши керак эди. Aграда араблар ва халдей (сомийлардан бўлган қадимий халқ)лар бисёр эди. Ҳинд файласуфлари бу болаларнинг тили санскрит (қадимги ҳинд тили)ча бўлиб чиқади, деб ҳисобларди.

Aммо болалар шоҳ ҳузурига келтирилганда, барча ҳайратдан тош қотиб қолади. Чунки улар ҳеч бир тилда гапирмас эди. Бечоралар ўз энагаларидан фикрларини фақат турли имо-ишоралар билан ифодалаб, ҳеч қандай тилсиз муомала қилишни ўрганганди. Улар бу нотаниш, бегона жамоадан қўрқиб турарди. Очилмай туғилган бу тилларнинг тугунини ечмоқ тамоман мушкул, уларга нутқ товушларини айттирмоқ замони ўтиб бўлган эди.

Дунё тилшуносларининг таъкидлашича, нафақат тилни ўзлаштириш, балки тилнинг ибтидодан пайдо бўлиши ҳам муайян жамоада бировнинг бошқасига ниманидир айтиши, нимагадир ундаши, ўзининг муайян ҳиссий ҳолатини билдириш каби эҳтиёжи маҳсулидир. Қисқача айтганда, жамоа - жамият билан боғлиқ. Демак, тилнинг такомили, тараққиётини, шахснинг маънавий-маданий тафаккури, аждоду авлодларининг замонлар оша ворисийлигидаги қиёссиз ўрнини жамиятсиз англаш мутлақо мумкин эмас.

Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, унинг урф-одати ва анъаналарини сақлайди. Шундай экан, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишга уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида бойитишга, тараққий этган тиллар қаторига қўшишга ҳаракат қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи бўлиши керак.

Тил халқнинг ўтмиши ва бугунини боғловчи мустаҳкам кўприк, аждодлар меросини авлодларга етказиб берувчи улуғ карвон.

Aнвар СОБИРОВ,

Шароф Рашидов номидаги СамДУ Каттақўрғон филиали педагогика ва тилларни ўқитиш факультети декани.