Тилимизнинг бойлигига кўз тегдими?
Абдулла Қодирий: «Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар», деганида ҳақ эди. Бироқ бугун тилимиз бойлигига кўз теккандай назаримда.
Ўзбек тилига чет сўзларнинг кириб келиши, янги терминларнинг ўзбекча сўзлар ўрнида истеъмолда бўлиши кузатиляпти. Тил ўз қатлами ва ўзлашма қатлам ҳисобига бойийди. Бугунги кунда тилимиз кўпроқ ўзлашма қатлам ҳисобига, яъни четдан кириб келган сўзлар билан бойияпти. Аммо чет сўзларнинг ўз қатламдаги сўзлар ўрнида қўлланилиши натижасида айримлари эскириб, талаффузи ўзгаряпти ёки истеъмолдан чиқиб кетмоқда. Янги сўз кириб келиши билан тилимиздаги сўзни унутяпмиз.
Жумладан, «личка», «селфие», «дебат» сўзлари тилимизда кўп ишлатиляпти. Лекин бу сўзларнинг ҳеч бири ўзбек тилининг изоҳли луғатига киритилмаган. Энг катта камчилигимиз ҳам шунда. Четдан кириб келган сўзларнинг қўлланилиши билан унинг ўзбек тилидаги маъноси ва синонимлари биргаликда истеъмолда бўлиши мақсадга мувофиқ. Масалан, «личка» - шахсий, янги хабар, яъни ижтимоий тармоқдаги хабарни икки киши кўради – сиз ва ёзишётганингиз; «селфие» - тегишли, ўзи, ўзи бирор нарса қилиш; ўзини суратга олиш усули; «дебат» - тортишув, баҳс-мунозара, қарама-қаршилик...
Тилимиздаги асосий муаммолардан бири ёзув масаласи. Мана ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил бўлибдики, бу масалада ҳалигача бир тўхтамга келинмаган. Лотин ёзувидан ҳам, кирилл ёзувидан ҳам фойдаланмоқдамиз. Бу икки ёзув қоидалари бир-биридан фарқ қилади. Мисол учун, лотин ёзувида «yi» билан тугайдиган «mavqeyi», «nuqtayi nazar», «tarjimayi hol» сўзлари кирилл ёзувида «мавқеи», «нуқтаи назар», «таржимаи ҳол» шаклида ёзилади. Хўш, бу ёзув меъёрларини билмаганлар шу ва шунга ўхшаган сўзларни билганича ёзаверадими? Ушбу ёзувлардан биргаликда фойдаланар эканмиз, мактабда лотин ва кирилл ёзуви қоидаларини биргаликда ўрганишимиз ёки маъқул битта ёзувдан фойдаланишга келишиб олишимиз керак.
Пешлавҳалардаги ёзувлар, реклама воситалари ва эълонлар ҳам дард устига чипқон. Бу жараёнда чет сўзлар ҳам кўп қўлланилиб, имловий хатоликларга йўл қўйиляпти. Масалан, «аптека», «доставка», «оптика», «ателье», «open», «wellcome» ва шунга ўхшаган бир қанча сўзлар ўзбек адабий тили меъёрларига зид равишда ёзилган. Ахир шу сўзларнинг ўзбек тилидаги маъносини ҳам кўрсатиш мумкин-ку.
«Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 20-моддасида: «Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин» дейилган. Лекин қонунга нега амал қилинмаяпти? Бу қонунбузилиш ҳолатларига қачон барҳам берилади? Тўғри, кейинги пайтда ўзбек тилини ривожлантириш ва нуфузини ошириш борасида амалий ишлар бошланди, лекин ҳали кутилган натижага эришганимиз йўқ.
Бу каби муаммолар амалда бартараф қилинмаса, муаммолигича қолаверади. Ўзбек тилини ривожлантириш, мавқеини ошириш учун аввало, мактабгача таълим муассасаларида ва мактабларда ўзбек тилини чуқурлаштириб ўқитиш ва албатта шу ёшдаги болаларга мўлжалланган дарсликлар, электрон қўлланмалар ҳамда луғатлар яратиш керак. Бундан ташқари, ўзбек тилини ўқитиш марказлари, ўзбекча таржима дастурлар жорий қилиш ва барча соҳаларга оид луғатлар чоп этиш ҳамда терминология соҳасини ривожлантириш лозим.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.