Тилла ҳамда пул эвазига йигитни «иситиб» беришни ваъда қилган «сеҳргар» ушланди

Ёш жувондан тилла ҳамда пулларни ёлғон ишлатиб олган «сеҳргар»га нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Миробод тумани ИИО ФМБга 28 ёшли Зилола А. мурожаат қилди. У ўз аризасида унга бир йигитни «иситиб» беришни ваъда қилган 20 ёшли Валентина С.га нисбатан чора кўришни сўради.
Валентина С. ўз "хизматлари" учун Зилоладан 450.000 сўм ва умумий қиймати 32.890.000 сўм бўлган тилла тақинчоқлар олган. Аммо "сеҳргар" ўз ваъдасида турмасдан, пулларни эҳтиёжига сарфлаб юборган.
Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Шунингдек ИИББ фуқаролардан фирибгарликка учраган ҳолатларда дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишни сўраган.