Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Тоқаевни ғалаба билан табриклади

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон кеча 9 июнь куни кечки пайт телефон орқали сайлов экзитполларига кўра ўз рақибларидан катта устунлик билан олдинда бораётган Қосим-Жўмарт Тоқаевни сайловда ғалаба қозонгани билан табриклади.

Бу ҳақда Тожикистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

"Телефон сўзлашуви пайтида томонлар келгусида тожик-қозоқ муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда кеча 9 июнь куни бўлиб ўтган президент сайлови экзитполлари натижасига кўра мамлакатдаги "Нур-Отан" партиясидан номзоди кўрсатилган Қосим-Жўмарт Тоқаев ўз рақибларидан катта фарқ билан олдинда бормоқда. Турли экзитполлар натижасига кўра сайловчиларнинг 70 фоизи унга овоз берган.