Тожикистон вазири Ширин Аманзода бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди
Кеча Тожикистон Республикаси Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Ширин Aмонзода бошчилигидаги делегация вакиллари Самарқанд шаҳрига келди.
Дастлаб меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги КОICА касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолияти билан танишди. Марказ директори Исмоил Эргашев ўқув хоналари, лаборатория ва машғулотлар ўтиладиган устахоналарни таништирди. Бу ерда машинасозлик технологияси, компьютер дизайни, шунингдек, бошланғич бизнес инкубатор каби таълим йўналишлари ташкил этилгани, ўқитувчилар Жанубий Корея таълим ва технология университетида малака ошириш курслари ўтаётгани айтилди.
Делегация ташрифининг навбатдаги манзили Самарқанддаги “Ишга марҳамат” мономаркази бўлди.
- Тожикистонда ёшларга IT-технологияларни ўргатадиган лицей бор, лекин у йилига 100-120 мутахассисни тайёрлайди, - дейди Ширин Омонзода. - Бу ерда қисқа муддатли курсларни йилига 600 га яқин киши тугатади. Тожикистонда 62 та касб-ҳунар мактаби кадрлар тайёрлаш билан шуғулланади, уларда йилига 11 минг мутахассис битиради.
Ташриф сўнгида делегация вакиллари вилоят ҳокими Э.Турдимов билан учрашди, ҳоким кадрлар тайёрлаш соҳасида келгусида ҳамкорлик зарурлигини таъкидлади.
Ўз навбатида Ширин Aмонзода икки давлат ўқитувчилари учун малака ошириш ва тажриба алмашиш учун ўн кунлик курслар очишни таклиф қилди.
Эътиборлиси шундаки, Ширин Aмонзода Самарқандга ташрифидан бир кун олдин Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов билан музокара ўтказди. Учрашув якунида икки мамлакат бандлик ва меҳнат вазирликлари ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган ўзаро англашув меморандуми бандларини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.
Замира Балтаева.