«Тўмарис издошлари» жамоавий гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади
“Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузуридаги «Тўмарис издошлари» жамоавий гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 июндан ёши 18 дан кичик ва 30 дан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали «Тўмарис издошлари» жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этилади.
Мазкур гуруҳларнинг асосий вазифаларидан бири ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган қизларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни аниқлашда кўмаклашиш ҳисобланади.
Гуруҳлар республиканинг барча туман (шаҳар)ларида 2 нафардан (криминоген вазият оғир бўлган туман (шаҳар)ларда 3 нафардан) ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида шакллантирилади.
Гуруҳ аъзолари 1 йил давомида ўқиш ва иш жараёнига салбий таъсир этмаган ҳолда умумий 360 соат вақт мобайнида фаолият олиб боради.