Томсиз учган “Боинг”

1988 йилда Гавайининг Хило ва Гонолулу ороллари орасидаги йўналишда 89 йўловчи ва 5 экипаж аъзоси бўлган “Боинг-737” самолёти ҳавога кўтарилди. Парвоз бор-йўғи 35 дақиқа давом этиши керак эди. Самолёт 7300 метр баландликка кўтарилганда нимадир ёрилиб, қирсиллаган овоз эшитилди ва самолёт енгилгина ҳаводаги оқ кабриолетга ўхшаб қолди.

Биринчи олти қатор ўриндиқлари устидаги том қисми ва самолёт ён қопламаси юлиниб кетди ва йўловчилар 500 км/соат тезликда 41 даража совуқ ҳаводан “баҳраманд бўлди”.

Воқеа содир бўлганда йўловчилар хавфсизлик камарини тақишга улгургани, икки стюардесса салоннинг орқа қисмида турганлиги ва тўғри келган нарсани ушлаб олишга муваффақ бўлгани сабаб улар ўз ҳаётини сақлаб қолишди.

Учувчилар кабинасида герметиканинг бузилиши тўғрисидаги сигнал келганда учувчи Роберт Шорнштаймер орқасига ўгирилди ва кўм-кўк осмон ва қўрқувда бўлган йўловчиларга кўзи тушди, кабина ва йўловчилар орасидаги бўлинма ҳам юлиниб кетганди.

Шорнштаймер ва иккинчи учувчи Мэделин Томпкинс шошилинч равишда самолёт тезлигини 390 километр/соатга ва баландлигини 3000 метрга пасайтира бошладилар, у ерда йўловчилар ҳеч бўлмаганда енгил нафас олишга муваффақ бўлади. Самолётдаги кислород баллонлари том билан бирга учиб кетганди.

Одамлар иложи борича музли шамолдан яшириниб ўтиришдан бошқа иложи йўқ эди. Стюардесса Мишель Хонда жароҳатланганларга ёрдам бериш мақсадида бўронли шамолни енгиб ўтиб, салон бўйича ҳаракатлана бошлади.

Гавайида ороллар жуда кўп ва уларнинг ҳар бири ўз аэропортига эга. Самолёт Мауи оролидаги Кахулуи аэропортига қўна бошлади. Кема экипажи командири тавсия этилган 260 км/соат тезлик ўрнига 320 км/соат тезлик билан самолётни қўндиришга киришди.

Ердаги кузатувчилар шасси чиққанлиги ва қўниш мумкинлиги тўғрисида хабар беришди. Иккинчи уринишда чап двигатель ишламай қолди ва Шорнштаймер самолётни бир томонли парвоз режимига ўтказди. Титилган кема ва двигателларидан биттаси ишламай турган самолётнинг қўниш жараёни муваффақиятли ўтди.

Воқеа содир бўлган пайтдан қўнишгача ҳамма учун жуда узоқ бўлган 11 дақиқа ўтди.

Йўловчилар ва икки стюардесса асосан лат ейиш ва совуқ уриши каби турли оғирлигидаги тан жароҳатлари олишди. Жасорат ва профессионаллик учун барча экипаж аъзолари фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Авария содир бўлишининг сабаби доимий “учиш-қўниш” цикллари туфайли корпусдаги микроёриқлар бўлган. Самолёт фақат Гавайи аэропортлари орасидаги қисқа йўналишларда ишлаган ва 35 496 соат давомида 89 680 та шундай циклларни бажарган. Албатта, ердаги бошқариш хизматларининг масъулиятсизлиги ҳам бу ерда катта роль ўйнаган.

Энди музлаб қолган бир гуруҳ одамларни олиб келишганида Гавайидаги шифокорларнинг ҳайратини тасаввур қилинг. Ахир улар илгари бундай жароҳатлар билан фақат китоблар орқали таниш бўлган.

Интернет материаллари асосида Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.