Топонимик жой номлари қачон қонунга мос бўлади?

Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти томонидан “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори ижроси бўйича Самарқандда амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳудудга чиққан ҳолда ўрганилди ва давлат реестри базасида жамланган номлар билан солиштириб чиқилди.
Унга кўра, Самарқанд шаҳридаги Талабалар, Жалолиддин Мангуберди, Истиқлол, Ипакчи, Дарғом, Обираҳмат каби 10 та кўча номлари туманлар миқёсида ҳам, давлат реестрида ҳам такрорлиги аниқланди. "Сўғдиёна" истироҳат боғи давлат реестрида мавжуд бўлгани ҳолда ҳудудда ушбу номдаги объект мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Шунингдек, Хўжа Ғулом, Саидмаҳалла, Мароканда, Бағдод маҳаллаларининг номлари давлат реестрида нотўғри ёзилган. "Шодиёна" маҳалласи ва Чақар кўчасининг номлари реестрга киритиш учун ҳужжатлари кадастр агентлигига тақдим этилмаган.
Самарқанд шаҳрида жойлашган Шоҳи Зинда, Хўжа Дониёр, Ҳазрати Хизр, Амир Темур каби 10 та муқаддас зиёратгоҳ ва 40 та маҳалла қабристонларининг номлари белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилмаган, бу ҳақда ҳатто халқ депутатлари шаҳар Кенгаши қарори чиқарилмаган.
Каттақўрғон шаҳридаги "Ўрикзор" маҳалласининг номи ҳам кадастр ҳужжатлари рўйхатидан ўтказилмаган. Шу пайтгача шаҳардаги 22 та кўчанинг номлари такрор эканлиги ҳеч кимни қизиқтирмаган. Мазкур кўчаларни қайта номлаш бўйича ҳудудий комиссия зарур чора кўрмаган. Шунингдек, 100 га яқин кўча, 2 майдон, 1 та хиёбон ҳамда 7 та қабристоннинг номи белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилмай қолган. Буларга халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг қарори ҳам чиқарилмаган ва реестрга киритилмаган.
Жомбой туманидаги 13 аҳоли пункти, 189 та кўчанинг номлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса-да, бироқ бу объектлар туман ҳудудида мавжуд эмаслиги аниқланди. Шунингдек, "Ёшлар" истироҳат боғи, Шайх Худойдоди Вали бобо зиёратгоҳи ҳамда туман ҳудудидаги 69 та қабристон “Географик объектларнинг номлари тўғрисида” Қонунга зид равишда давлат экспертизасидан ўтказилмай, давлат рўйхатига киритилмаган.
Оқдарё ва Самарқанд туманларида 2 тадан, Каттақўрғон туманида 14 та кўча номи такрор эканлиги маълум бўлди. Пайариқ туманида "Бўри", "Қаҳрамон", "Муҳаммади", "Райим", "Чолмуйин" ва "Эмалач" маҳаллалари ва 8 та аҳоли яшаш пункти давлат реестрига киритилган, ўрганишлар натижасида ушбу номдаги объектлар ҳудудда мавжуд эмаслиги аён бўлди. Улар ҳам экспертизадан ўтказилмаган. Бу каби хато ва камчиликларга Нуробод, Нарпай, Қўшработ, Пахтачи, Паст Дарғом туманларида иш олиб бораётган ҳудудий комиссиялар фаолиятида ҳам йўл қўйилган.
Дилмурод Тўхтаев.