“Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида янги тезюрар автомобиль йўллари қурилади
Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев самарқандлик сайловчилар билан учрашувда маълум қилди.
“Келгуси 7 йилда республика аҳамиятидаги йўлларни қуриш ва таъмирлашга жами 5,3 миллиард доллар йўналтирилади.
Бугунги кунда, “Тошкент – Самарқанд” йўналишида суткасига 35 мингта, “Тошкент – Андижон” йўлида 30 мингта автомобиль ҳаракат қилмоқда. Бу – йўлларга юклама 1,5-2 баробар кўпайди, дегани.
Шу боис, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банки кўмагида “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида хусусий шериклик асосида янги тезюрар автомобиль йўллари қурилади. Бунга 4 миллиард доллар инвестиция киритилади.
Натижада ушбу йўналишларда манзилга етиб бориш вақти 2 баробар қисқаради.
Осиё инфратузилма инвестициялар банки кўмагида Тошкент – Шаҳрисабз – Термиз (М-39) йўли қайта қурилади, “Самарқанд – Бухоро – Олот” йўли таъмирланади. Бунга 300 миллион доллар ажратамиз”, – деди номзод.