Тошкентга Ухандаги беморларга ёрдам берган ускуналар олиб келинди

Тошкент халқаро аэропортида Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси КТЭА – ўпка касалликларини даволаш учун электрон аппаратлардан иборат 4 жамланмани кутиб олди.

Бу қурилмалар Ухань шаҳрида коронавируснинг оғир кўринишларини даволашда юқори самара берган эди, деб ёзмоқда ЎзА.

Инновацион қурилма Ўзбекистонга Миллий палата ва Пекиннинг “Bei Jing Hong Tian Li Fhamaceutical Co.Ltd” компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида етказиб келинди. Улардан беморларни даволаш учун бепул фойдаланилади.

Хитойнинг Ҳаёт ва соғлиқни сақлаш уюшмаси директори ўринбосари Чен Хинпингнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Пекин шаҳридаги аксарият шифохоналар ҳам КТЭА қурилмалари билан жиҳозланган.

Хитойлик мутахассислар бу қурилмадан фойдаланиш ва даволаш усуллари тўғрисида барча маълумотларни тақдим этди. Бу ўзбекистонлик шифокорларнинг инновацион усулдан тезкор ва самарали фойдаланишида қўл келади.

Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси Р.Изамовнинг таъкидлашича, “WeChat” ижтимоий тармоғида хитойлик мутахассислар иштирокида онлайн-консултациялар ташкил этиб борилади. Бу КТЭА ускунасидан самарали фойдаланишда амалий ёрдам кўрсатишга қўшимча имкондир.