Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тойлоқ маҳаллаларининг драйверлари

Ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш мақсадида жорий йилда маҳаллаларнинг ўзига хос ўсиш нуқталари – драйверлар белгиланди.

Бу вазифа Тойлоқдаги 50 та маҳаллада ҳам амалга оширилиб, ҳар бир ҳудуд аҳолисининг турмуш тарзи, касб-кори, машғулот туридан келиб чиқиб, 90 та йўналиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Жумладан, 16 маҳаллада савдо ва хизмат кўрсатиш, 19 тасида иссиқхона хўжаликларини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. 12 маҳаллада картошкачилик, 8 тасида чорвачилик, 6 тасида узумчиликни оммалаштириш кўзда тутилган. Ва айни пайтда бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.

6 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган Украч маҳалласи узумчиликка ихтисослашмоқда. Аслида, бу ҳудуд одамлари аввалдан ушбу фаолият тури билан шуғулланиб келган. Шунинг учун бугун маҳалладаги деярли ҳар бир хонадонда войиш усулида узум етиштириш йўлга қўйилган.

Бу рўзғор баракаси, ҳам даромад манбаи, дейди украчликлар.

Маҳаллада нафақат ҳовлилар, балки уйларнинг ташқарисида, кўча бўйларида ҳам хонадон эгалари ишком қилиб, узум етиштираётганини кўриш мумкин.  

Маҳалла раиси Намоз Абдураҳимовнинг айтишича, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг хонадонида имтиёзли кредит асосида ёки ҳомийлар кўмагида войиш қилиб берилаётган экан.

Тумандаги Таллиота маҳалласининг драйвери – иссиқхона хўжаликлари ҳисобланади. Бу ердаги 800 га яқин хонадоннинг ярмида иссиқхоналар ташкил этилган. Аҳоли томорқасидан йил давомида ҳосил олиб, рўзғори тўқин-сочинлигини таъминламоқда.

Таллиотада узумчилик билан шуғулланадиган хонадонлар ҳам кўп. Лекин энди улар бу соҳа билан анъанавий усулда эмас, Фарғонанинг Олтиариқ тумани тажрибаси мисолида фойдаланишмоқчи.

Шу маҳаллада яшовчи Сафарқул Облоқуловнинг томорқасида ҳам 4 сотихли иссиқхона, каттагина очиқ майдон бор. Бу оила ана шу ерда жорий йилда сабзи етиштириб, 25 миллион сўмдан ортиқ даромад қилибди. Ҳозирда томорқада иккинчи экин сифатида булғор қалампири ва картошка етиштирилмоқда.

Ҳа, меҳнат қилган, ернинг қадрига етган инсонга томорқа хазина. Бу хазинанинг калит эса меҳнатда.

Тойлоқдаги маҳаллаларда ўз меҳнати билан рўзғорини обод қилаётган ва шу орқали яхши ҳаёт кечираётган оилаларнинг кўпаяётгани қувонарли албатта. Ҳудудларнинг ўсиш нуқталарини аниқлаш ва уни ривожлантиришдан кўзланган мақсад ҳам шу аслида.