Тойлоқ туманида боғча ходимларининг 114 миллион сўм иш ҳақлари ундириладиган бўлди
Адлия ходимлари томонидан тумандаги 21 давлат мактабгача таълим ташкилотининг 10 нафар ишчисига 1 йиллик иш ҳақи тўлаб берилмагани аниқланган.
Бу ҳақда туман адлия бўлими ходими Мунис Усмонов хабар бермоқда. Унга кўра, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими 10 нафар ишчи ходимларга 2020 йилнинг январь ойидан декабрь ойигача боғчада таъмирлаш ишлари олиб борилганли важи билан 114 174 858 сўмлик иш ҳақини тўламаган.
Ваҳоланки, ўша пайтда амалда бўлган эски таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 154-моддасидага кўра, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ тўлаши шарт. Мазкур тартиб амалдадаги Меҳнат кодексининг 244-моддасида ҳам ўз ифодасини топган.
Юқоридагиларга кўра, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига нисбатан ушбу боғчанинг 10 нафар ходимлари қонуний манфаатларини кўзлаб, иш ҳақларини ундириш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризалари киритилди. Даъволар суд томонидан тўлиқ қаноатлантирилди.