Тойлоқликларнинг муаммоси кўп. Парламентдаги вакил уларни ҳал этишга ҳаракат қилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Ҳамраев Тойлоқ туманидаги Сочак қишлоғида сайловчилар билан учрашди. Дастлаб депутат Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, унда белгилаб берилган вазифаларнинг бугунги кундаги аҳамияти хусусида тўпланганларга атрофлича тушунча берди.

Шундан сўнг 20 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган Сочак, Истиқлол, Гулобод, Хончарбоғ ва Беклар маҳалласи фаоллари билан очиқ мулоқотга киришиб, уларнинг мурожаатларини, таклифларини эшитди.

Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини раиси Исрофил Азимов маҳалла учун бино қуришда ёрдам кўрсатиш, Облоқул Жабборов ўзи яшаётган Сочак маҳалласи ички йўлларини таъмирлаш масаласида депутатдан ёрдам кўрсатишини сўради.

Истиқлол маҳалласида яшовчи фуқаро Муҳаммад Ботиров, Нарзиқул Бердиқуловлар суюлтирилган газ баллонлари ўз вақтида аҳолига етказиб берилмаётганидан, Сочак маҳалласида истиқомат қилаётган фуқаро Аълам Сатторов шу маҳалла ҳудудидаги 9 мактабда спорт зали йўқлигидан, Ҳайдар Жўраев маҳалла қишлоқ врачлик пунктида кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати пастлигидан, зарур жиҳозлар билан таъминланмаганидан шикоят қилди.

Шунингдек, фуқаролар Беклар, Хончарбоғ, Гулобод маҳаллаларидаги қишлоқ врачлик пунктлари ҳолати яхши эмаслигини билдириб, моддий-техник базасини яхшилаш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш зарурлигини таъкидлашди.

Сочак маҳалласида яшовчи фуқаро Юнус Орзиқулов ва Эргаш Неъматов ҳудуддан ўтган М-39 магистрал йўлида йўл-транспорт ҳодисалари сони кўпайиб бораётгани боис харакат хавфсизлигини таъминлаш учун светофор ҳамда паст тезликда ҳаракатланишни кўрсатувчи йўл белгиси ўрнатишни таклиф қилди.

Депутат кўтарилган барча масалалар ва билдирилган таклифлар юзасидан туман ҳокими билан учрашишини, мавжуд муаммолар туманда ечим топмаса тегишли тартибда вилоят ҳокимига, мутасадди вазирликларга мурожаат қилишини маълум қилди.

ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши ахборот хизмати.