Туркманистонда икки палатали парламент ташкил этилади
25 сентябрь куни Турманистон Халқ маслаҳати мамлакатда икки палатали парламент ташкил этилишини назарда тутувчи “Туркманистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади. Бу ҳақда Туркманистон давлат агентлиги (ТДА) хабар берди.
Мамлакатдаги энг юқори вакиллик органи бўлган Халқ маслаҳати йиғилиши минтақадаги ва дунёдаги оғир эпидемиологик вазият сабабли биринчи маротаба масофадан туриб ўтказилмоқда.
Конституцион қонун лойиҳаси муҳокамасидан сўнг йиғилишга раислик қилаётган мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Халқ маслаҳатининг ушбу ҳужжатини тасдиқлаш учун овозга қўйди. Қарор бир овоздан қабул қилинди ва давлат раҳбари Халқ маслаҳати раиси сифатида уни имзолади.
Мамлакатда икки палатали парламентни ташкил этишни назарда тутувчи “Турманистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги янги конституциявий қонун 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилиши кўзда тутилди.