Тўйхона ноқонуний маска тикиш цехига айлантирилгани аниқланди
- 09.04.2020 10:31
- 256
- Ўзбекистон
Чирчиқ шаҳрида жойлашган "Азия" тўйхонасида 1989 йил 11 июлда туғилган, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳрида рўйхатда турувчи фуқаро М.Э. ҳеч қандай ҳужжатларсиз тиббий ниқоб ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
У фаолиятини 2 апрелда бошлаб, ноқонуний равишда 183 нафар ишчи ёллаб, улар билан оғзаки равишда, ҳар бир ниқоб учун 60 сўмдан иш ҳақи беришга келишган.
Чирчиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан бино кўздан кечирилганда 131 973 дона тайёр тиббий ниқоб, 170 000 дона ярим тайёр маҳсулот ва 21 дона клейлаш ускунаси жами 301 994 дона умумий нархи 156696,1 минг сўмлик товар моддий бойликлар борлиги аниқланди.
Назорат тадбири натижасида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқбузарлик ашёлари масала қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинчалик олиб қўйилди.