Туғишган биродарлар ва адоват: "Адидас" ва "Пума" брендларининг пайдо бўлиш тарихи
Ҳар бир муваффақиятли бренднинг ривожланиши ортида қийинчиликлар ва қизиқарли ҳикоялар туради. "Адидас" ва "Пума" белгилари остидаги спорт кийимларини яхши кўриб сотиб оладиган кишилар бу дунё миқёсидаги тамғали кийим-кечаклар қандай яратилганини билмаса керак.
Германиянинг Герцогенаурах шаҳрида икки ака-ука Рудольф ва Адольф Дасслерлар яшарди. Европада эндигина Биринчи жаҳон уруши тугаган ва оила бир амаллаб пул топиши ҳақида ўйлаш керак бўлган пайтлар эди. 1920 йилда улар пойабзал ишлаб чиқаришни бошлашга қарор қилишди. Дастлаб улар ишни уй шиппаги ва фронтдан қайтиб келган ногирон спортчилар учун ортопедик пойабзал тикишдан бошлашди.
Тўрт йил ўтгач, ишлари юришиб кетган биродарлар “Ака-ука Дасслер пойабзал фабрикаси” деб номланган корхона очди. Шу билан бирга улар футболчилар учун тишли этиклар тикиб, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга ҳаракат қилишди. 1928 йилда уларнинг спорт пойабзаллари Амстердамда ўтказилган Олимпия ўйинлари иштирокчиларига тақдим этилди.
Дасслер пойабзалларининг машҳурлиги ошиб бориб, ишлаб чиқариш ҳажми ошди. Аммо Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, вазият ўзгарди ва ака-укалар фронтга жўнатилди. Ҳарбий ҳаракатлар тугагандан сўнг, 1945 йилда асирликка тушган Рудольф ҳарбий лагерда бир йилга қолиб кетди. Адольф эса ўз олдига оилавий тадбиркорликни тиклаш вазифасини қўйди.
1948 йилда отаси вафотидан сўнг ака-укалар ўртасида жанжал чиқди. Аммо нима бўлганлиги ҳалигача сирлигича қолмоқда. Жанжал жиддий бўлганлиги аниқ, чунки Адольф ва Рудольф пойабзал фабрикаси биноларини ўзаро бўлиб олган ва ҳар бири мустақил равишда пойабзал ва бошқа спорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошлаган.
Айнан ушбу адоват жаҳон миқёсидаги иккита бренднинг пайдо бўлишига олиб келди: Адидас (Адольф – Ади Дасслер номи билан), Пума эса (дастлаб у Руда эди, Рудольф – Ру Дасслер, кейинчалик номи ўзгартирилди). Улар ҳозирда ҳам спортчилар ва фаол турмуш тарзини севувчилар орасида ҳурматга сазовор бўлиб қолмоқда.
Афсуски, Адольф Дасслернинг уч фарзанди ҳам унинг вафотидан сўнг ўзаро тил топа олмади ва иккига бўлинган компания кейинчалик рақобатчилар қўлига ўтди.
Туғишган биродарларнинг адовати ҳатто ўн йиллар ўтгач улар туғилиб ўсган она шаҳри Герцогенаурахда ўз таъсирини қолдирган. Ҳозирда ҳам Пума ва Адидас ишқибозлари икки лагерга бўлинган ва бир-бири билан дўстона муносабат қилмайди.
Қизиқ, агар жанжал бўлмаганида воқеалар қандай ривожланган бўларди?
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.