Туман олимпиадасида 1700 нафар ўқувчи вилоят босқичига йўлланма олди
Самарқанд вилоятидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича республика олимпиадасининг II туман (шаҳар) босқичи бўлиб ўтди.
5 та ҳудудда ўтказилган мусобақада 14 та фан бўйича 1926 нафар йигит-қизлар ёзма иш, тест, оғзаки савол-жавоб (фан йўналиши бўйича) ва лаборатория ишлари бўйича билимларини синовдан ўтказди.
Танлов натижаларига кўра, ғолибликни қўлга киритган 59 нафар 2 босқич ҳамда 100 нафар 3-босқич ўқувчилари мусобақанинг шу йил март ойида бўладиган вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ўқувчи-ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини аниқлаш, рағбатлантириш, ўзлари танлаган фанлар ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишларини янада ошириб, касбни тўғри танлашига кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган мазкур танловнинг умумий ўрта таълим мактаблари ўртасидаги туман (шаҳар) босқичи ҳам бўлиб ўтди.
18 та умумтаълим фанлари бўйича 9, 10, 11-синф ўқувчиларидан иборат 10 минг нафар қатнашчи биринчи куни ёзма ва оғзаки тарзда синовдан ўтган бўлса, иккинчи куни тест топширди.
Ёшларнинг билими малакали ва тажрибали педагоглардан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Танловда юқори кўрсаткич қайд этиб, 1, 2 ва 3-ўринни эгаллаган 1700 нафар ўқувчилар жорий йилнинг март ойи якунида ўтказиладиган кейинги босқичга йўлланма олди.
Ғолибларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.