Тупроқ мониторинги ўтказилиб, унумдор қатлами аниқланади

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 январда қабул қилган “Тупроқ мониторингини амалга ошириш ҳамда тупроқнинг унумдор қатламини аниқлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, қишлоқ хўжалик бошқармаси туман ҳокимликлари билан биргаликда шаҳарсозлик фаолияти, геологик-қидирув ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш жараёнида тупроқнинг сидириб олинган унумдор қатламини кўчириш учун унумдорлиги паст, таркибида тош ва қум бўлган ҳамда янги ўзлаштириладиган қишлоқ хўжалиги майдонлари мунтазам равишда белгилаб борилади.
Ер фонди тоифасидан қатъий назар, шаҳарсозлик фаолияти, геологик-қидирув ва фойдали қазилмалар қазиб олиш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш жараёнида тупроқнинг унумдор қатламини аниқлаш бўйича қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтидан хулоса олиниши лозим.