Турғут Ўзал ёхуд Туркиянинг собиқ Президенти зиёрати

Бугун Туркия таассуротларимга оид охирги мақоламни эълон қиламан. Сафарим давомидаги охирги зиёратим, Президент зиёрати, Турғут Ўзал зиёрати ҳақидаги мақоламни.

Туркия учун буюк хизматлар қилган, турк халқининг чексиз муҳаббатини қозонган Президент қабрини зиёрат қилдим.

Президент ҳақида

Халил Турғут Ўзал 1927 йилда Туркиянинг Малатя шаҳрида туғилган. Отаси банк ходими, онаси бошланғич синф ўқитувчиси бўлган. Болалигида учувчи бўлишни орзу қилган. Аммо отдан йиқилиб, қўли сингач, орзусидан умид узган.

Оиласи аввал Силифкега, кейин Согутга кўчган. Шу ерда мактабда ўқишни бошлаган. Аммо мактабни иши юзасидан доим кўчиб юрадиган отасининг яна бир кўчиб борган шаҳри Мардинда тугатган. Олий мактабни эса Кўния ва Қайсарида битирган.

Истамбулдаги Техника университетини тугатган. 1950-1952 йилларда АҚШда ишлаган. Ҳарбий хизматдан кейин Яқин Шарқ техника университетида маърузалар ўқиган. Ватанига қайтгач, турли давлат идораларида ва хусусий корхоналарда ишлаган.

Ниҳоят, энергетика ва табиий ресурслар вазирлигига ишга ўтган. 1960-1961 йилларда Мудофаа вазирлигида илмий маслаҳатчи бўлган. 1966-1971 йилларда Давлат план комиссияси раиси бўлган. 1971 йилдан эса яна Америкага кетиб, Халқаро банк бошқарувида ишлаган.

1979 йилда Бош вазир Сулаймон Демирелнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси ва Давлат план ташкилоти раҳбари, 1980-1982 йилларда Бош вазир Бюленд Улусунинг иқтисод бўйича ўринбосари бўлган. 1983 йилда “Она Ватан партияси”ни тузди ва ўша йили партия сайловларда ғолиб бўлиб, Турғут Ўзал Бош вазир лавозимини эгаллади. 1987 йилги сайловда ҳам шундай бўлди.

1989 йилги сайловларда мутлақ ғолиб бўлган Турғут Ўзал Туркиянинг 8-Президентига айланди.

СССР тарқаб кетгач, Турғут Ўзал Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон билан алоқаларни мустаҳкамлашни бошлади. У буюк бир туркий давлат қуриш ниятида эди ва бу туркий давлат лидери сифатида, албатта, Туркияни кўрарди.

Иқтисодий масалаларда Турғут Ўзал Аднан Мандараснинг сиёсатини қўллади. У бозор иқтисодиёти тарафдори эди. У амалга оширган ислоҳотлар натижасида Туркия иқтисодий соҳада буюк муваффақиятларга эришди. Турғут Ўзалнинг ислоҳотлари боис Туркия ялпи миллий маҳсулот ишлаб чиқариш борасида Усмонийлар империяси давридаги, 1908 йилдаги кўрсаткич даражасига кўтарилди.

Давлат ишида ишлаган турк ҳамсуҳбатим Синанбей Акчалнинг эътироф этишича, Турғут Ўзал Туркияни камида 20 йил олдинлатиб юборган Президентдир!

Бир гўзал иш

Озарбайжонда Абулфайз Алиев деган одам ўтган. У аслида илм одами бўлган. Олийгоҳда дарс берган. Аммо анча тўполончи одам бўлган. Ўз талабаларига куч ишлатар тизим пантуркизм деб ваҳима қиладиган ягона буюк туркий давлат қуриш ғояларини сингдирган, уларни ҳам, ҳамкасбларини ҳам шунга даъват қилган. Бу ҳали 1970 йилларда бўлган ва унинг бу тўполонларини ўша замондаги КГБ яхшигина “сийлаган”. Ўз ҳамкасбларининг чақуви билан қамалиб ҳам чиққан. Аммо “кўзи очилмаган”. Ўзига халқ элчиси маъносида Элчибей деган тахаллус олиб, халқ ичида ўз ғояларини тарқатаверган.

Энг қизиғи, СССР тарқаганда халқ ўз эрки билан сайлов ўтказган ва Абулфайз Элчибейни Озарбайжон Президенти қилиб сайлаган. (Озарбайжонда ўтган ягона эркин демократик сайлов ҳам шу бўлган бўлса керак!)

Афсуски, унинг Президентлиги жуда нохуш йилларга тўғри келди. Сиёсий парокандалик, иқтисодий тангликлар етмаганидек, Арманистон ҳам Тоғли Қорабоғни босиб олди. Бу ишларда тажрибаси бўлмаган Элчибей на ҳукуматни эплади, на ҳарбийларни йўлга сола олди. Ҳарбийларнинг исёнидан Нахчеванга қочиб кетган Президентни Миллий Мажлис ишдан четлатди ва ҳукумат тепасига Ҳайдар Алиев келди.

Мен ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган воқеа ҳали Элчибей “отга минмасдан” аввал, тазйиқ ва таъқиблар остида юрганида содир бўлган.

1991 йилда Москвага расмий ташриф билан келган Турғут Ўзални расмий қабулдан кейин СССР Президенти Михаил Горбачёв “хуфиёна учрашув”га таклиф қилади ва уни анча мақтайди, халқаро обрўси баланд эканини, Украина Президенти ҳам уни қаттиқ ҳурмат қилишини айтади ва ундан бир нимани илтимос қилади:

– Шу, Украина Президентининг салгина қулоғини бураб қўйсангиз, менга қулоқ солмай қўйди, сизга шахсий самолётимни бераман!

– Буни боплаймиз, – дейди Турғут Ўзал. – Аммо менинг ҳам бир илтимосим бор. Мен қайтишимда Озарбайжонда тўхтаб ўтишим керак, шу Президенти Муталлибов мени сал хушламайди, ўтган гал борганимда халқнинг мен билан саломлашишига ҳам изн бермади, сиз унинг қулоғини бураб қўйсангиз.

– Муаммо йўқ, – дейди Горбачёв. – Натижани борганда кўрасиз.

Турғут Ўзал Киевга учди, Президентига насиҳат қилди, кейин Бокуга учди.

Ана томоша! Муталлибовнинг ўзи Турғут Ўзални аэропортда, самолёт тагида кутиб олди-ку! “Хуш келибсиз, ўзимнинг акам”, деб юборди-ку!

Аэропорт тўла одам, кўчалар тўла одам. Ҳаммасининг қўлида Туркия байроғи. Турғут Ўзал одамлар билан кўришди, одамлар Турғут Ўзал билан йиғлаб кўришди. Эртасига ҳамма иш битгач, Турғут Ўзал ўз ёрдамчиси Ишбашаранни чақирди.

– Мен Абулфайз Элчибей қаерда яшашини аниқладим, мана бу конвертда эллик минг доллар бор, шуни унга олиб бориб бер ва мендан салом айт!

– Афандим, КГБ ортимиздан изма-из кузатиб юрибди, улар билиб қолса, нима бўлади?

– Ҳеч нарса бўлмайди, – дейди Турғут Ўзал кулиб.

Ишбашаран КГБ махфийлари кузатувида Бокудаги бир уйга боради. Эшикни соч-соқоли ўсиб кетган, мажнунсифат Элчибей очади. Ишбашаран унга конвертни тутқазиб, буни унга Туркия Президенти Турғут Ўзал бериб юборганини айтади.

– У сизга салом айтди!

Элчибей конвертга ҳам, ичидаги нарсага ҳам эътибор қилмас, ёш боладек йиғлар ва нуқул “Менинг оғам Турғут бу ерда! У Озарбайжонда!” дерди. Ишбашаран унинг ҳолатидан мутаассир бўлиб, кўзида ёш билан машинага ўтирар экан, ортидан Элчибейнинг бақирганини эшитди:

– Оғамни мен учун бағрингга бос!

Албатта, бу пуллар унга роса асқотган бўлиши керак. Ҳеч бўлмаганда овози баланд бўлган Элчибей умумхалқ сайловида ғолиб бўлиб, Президент ҳам бўлди.

Бош вазирга суиқасд

1988 йил 18 июнда “Отатурк” спорт салонида ўтаётган “Она Ватан партияси”нинг съезди пайтида Картал Демараг деган киши партия раиси ва Туркия Бош вазири Турғут Ўзалнинг жонига қасд қилди. Унга отилган икки ўқдан Турғут Ўзалнинг қўли жароҳатланди. Аммо отишмалар чоғида 18 киши ярадор бўлди. Меҳнат вазири Имрон Ойқут хоним ҳам яраланди.

Картал Демирагни аввал отишга ҳукм қилишди, кейин қатлни 20 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштиришди.

Бу воқеанинг диққатга сазовор жойи шундаки, Турғут Ўзал Президент бўлгач, ўзининг жонига қасд қилган ашаддий душмани, махфий ташкилот аъзоси бўлган Картал Демирагни кечирди ва озод қилди.

Бунақаси инсоният тарихида энг ноёб ҳодисалардан биридир.

Ўхшамаган хотима

Оти Ўзал бўлган, ишлари гўзал бўлган, Туркия давлати ва турк халқи учун буюк хизматлар қилган Турғут Ўзалнинг умри ҳам гўзал ўтиши керак эди, аммо ундай бўлмади. Турғут Ўзалнинг умри хунук хотима топди. У ўз ажали билан ўлмади. Уни ўлдиришди!

Асли қонида курд қони борлигини, аждодлари курд бўлганини бошқа раҳбарлардан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон яширмаган Турғут Ўзал 1993 йил 17 апрелда курдлар билан қуролли можаролар тўхтатилишини эълон қилмоқчи эди. Аммо шу куни унинг юраги уришдан тўхтади!

Курдларнинг тахмини бўйича уни Туркия махсус хизмати заҳарлади. Аёли ва ўғлининг тахминича, Турғут Ўзалнинг буюк бир туркий давлат тузиш фалсафасидан қўрққан, ҳали эндигина СССР тарқаб, ҳали Марказий Осиё давлатларини қўлдан чиқаришни истамаётган, МДҲ ёки бошқа шаклда бўлса-да, у давлатларни ўз таъсирида, қуллигида ушлаб туришни истаган СССР КГБсининг махфийлари заҳарлаган.

Озарбайжонларнинг тахминича, арманилар билан яраш-яраш сиёсатини олиб боргани учун озарбайжонлар заҳарлаган. Арманиларнинг тахминича, ...

Нима бўлганда ҳам Марказий Осиё давлатлари, бизнинг Ўзбекистонимиз ва Озарбайжонга қилган сафаридан кейин Турғут Ўзал бунақа пайтлардаги навбатчи диагноз – “ўткир юрак етишмовчилиги”дан вафот этди.

2012 йилда қабрини очиб, лаборатория текширишларини ўтказишганида Турғут Ўзалнинг танасида беш хил заҳар борлиги аниқланди - америций, полоний, кадмий, ДДТ ва стрихнин-кератин. (ДДТ бизда сероб эди ўша йиллари. Омборхонага айлантирилган масжидларда тонналаб тиқилиб ётарди. Пахтага ҳам сепардик, одамга ҳам сепардик...)

Айтиб қўяй, Турғут Ўзалнинг ўлими ҳақидаги юқоридаги гапларнинг ҳаммаси –  менинг шахсий фикрларим. Унинг ўлими бўйича расмий хабарлар, ҳатто ҳукуматнинг ҳам баёнотлари бошқача: Турғут Ўзал инфактдан ўлган!

Турғут Ўзал ўзини то қиёматгача буюк султон Меҳмат Фотиҳнинг руҳи қўриқлаб туришини ва ўзи беқиёс ҳурмат қилган Аднан Мандараснинг ёнида бўлишини истаб, жасадини Тўпқапи тепалигига, Мандарас мақбараси ёнига дафн қилишларини, мабодо мақбара қилсалар, Аллоҳнинг раҳмати бўлган ёмғирлардан тўсмаслиги учун устини ёпмасликларини васият қилди.

Турғут Ўзал васияти бўйича Аднан Мандараснинг мақбараси ёнига дафн этилди ва унинг қабри устига қурилган тенги йўқ гўзал мақбаранинг ҳам усти очиқ. Турғут Ўзал қабри устига Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, ёмғирлар тушиб турибди...

Президентнинг оиласи

Турғут Ўзал биринчи никоҳидаги аёли Ойхон Иналла билан жуда ҳам кам яшаган. Бу 1952 йилда бўлган. Иккинчи сафар 1954 йилда у ҳамкасби Семре Ўзалга уйланган ва ундан уч фарзанд кўрган: Аҳмад, Зайнаб, Эфе.

Ўғли Тавфиқ Аҳмад Ўзал Шимолий Каролина университетини тугатган, сиёсатчи. Ҳозир 65 ёшда ва у «Uzan Group» и «Özal Group» компанияларининг асосчисидир.

Аҳмад Ўзал Туркиядаги биринчи хусусий телеканал «Magic Box» (ҳозирги «Star TV») телеканалини очган! Отасининг партияси “Она Ватан партияси” раиси ўринбосари бўлди. Истамбул ҳокимлиги (боқонлиги) сайловида 1 фоиз овоз кам олиб, ютқизди.

Аҳмад Ўзал Турғут Ўзал Университети бошқаруви таркибига киритилган эди. Аммо бу университет Гюлен ҳаракатига алоқадор деб гумонланиб, ёпилди...

Сўнгсўз ўрнида

Турғут Ўзалнинг хотирасига Университет, мактаблар номланган. Олма-Ота шаҳрида Турғут Ўзал номидаги кўча бор.

Туркияга борсангиз, албатта, Истамбулга борасиз!

Истамбулга борсангиз, албатта, Тўпқапига борасиз!

Тўпқапига борсангиз, албатта, Аднан Мандарас ва Турғут Ўзалдек турк халқининг буюк ўғлонлари, Ислом учун хизмат қилган буюк диндошларимизнинг қабрларини зиёрат қилинг! Уч оят бўлса ҳам Қуръон ўқинг!

Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!

Дарвоқе, зиёратимиз ҳақида кичик бир видеолавҳани мана бу ҳавола орқали кўришингиз мумкин:

Каримберди Тўрамурод,

Истамбул шаҳридан zarnews.uz сайти учун махсус.