Туркия 2025 йилнинг илк чорагида рекорд даражада даромад олди: хорижлик сайёҳлар мамлакатда ўртача 11 кун қолган

Туркия туризм соҳасида 2025 йилнинг биринчи чорагидаги натижаларини эълон қилди. Унга кўра, 2025 йилнинг 1 январидан 31 мартигача 8,844 миллион халқаро сайёҳни қабул қилиб, туризмдан рекорд даражада - 9,5 миллиард доллар даромад олди.

Бу ҳақда Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг туризм маълумотларига кўра, Туркия 2024 йилда дунёнинг тўртинчи энг катта туризм бозори сифатида қайд этилди. Ўтган йили дастлаб 60 миллион халқаро сайёҳни қабул қилишни мақсад қилган эдик, лекин йилни рекорд даражадаги 62,2 миллион киши билан якунладик. Мақсадимиз 2025 йил охиригача 65 миллион сайёҳни қабул қилиш ва туризмдан 64 миллиард доллар даромад олишдир. Апрель ва ундан кейинги даврлардан кутилган натижалар ва 2025 йилнинг дастлабки уч ойида туризмда даромадимизнинг 5,6 фоизга ошиши мақсадларимизга эришиш йўлида эканлигимиздан далолатдир”, - деди Меҳмет Нури Эрсой.

2025 йилнинг дастлабки уч ойида 733 минг эронлик, 601 минг рус, 572 минг немис, 560 минг болгар ва 304 минг инглиз фуқароси Туркияга келган. Бу зиёратчилар Туркияда ўртача 11 кеча қолиб, бир кечага тахминан 98,90 АҚШ доллари сарфлаган.
Ўзбекистондаги туризм натижалари билан солиштириш ва хулоса қилишга арзийдиган рақамлар-а, нима дедингиз?