Туркияда умумий сайловлар: Эрдўған ва Киличдароғлу улкан митинглар ўтказмоқда
Қайта сайланиш учун курашаётган мамлакат раҳбари сиёсий саҳнадан “мухолифатни улоқтиришга”, унинг асосий рақобатчиси эса “Туркияни ёруғликка қайтаришга” ваъда берди.
Умумий сайловдан икки ҳафта олдин ҳукумат ва мухолифат минглаб тарафдорларини кўчага олиб чиқди.
Якшанба куни Анқарада амалдаги президент ва Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) раҳбари, мамлакатни 2003 йилдан бери бошқариб келаётган Ражаб Тоййиб Эрдўғон иштирокида митинг бўлиб ўтди. У ўз нутқида “Худонинг ёрдами билан мухолифатни йўқ қилишга” ваъда берди.
Бир қатор кузатувчилар ҳукумат ва ҳукмрон АТП вакиллари кескинлик муҳитини яратиб, ўз мухолифларини “жиноийлаштириш”га уринаётганини таъкидламоқда. Ўтган куни ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу 14 майдаги овоз бериш ва 2016 йилдаги муваффақиятсиз давлат тўнтариши ўртасида ўхшашлик кўрсатди.
Отатурк томонидан асос солинган Жумҳурият Халқ партияси раҳбари Камол Киличдароғли ўз сайловчиларига “Туркияни нурга қайтариш” ва “турк демократиясини тиклаш”ни ваъда қилган. У олтита мухолифат партиясидан иборат коалиция томонидан президентлик сайловларига номзод қилиб кўрсатилган.
74 ёшли социал-демократлар етакчисининг митинги Истанбул билан бирга мухолифат таянчи деб аталган Эгей денгизи соҳилидаги Измирда бўлиб ўтди. Аввалги сайловларда Эрдўғон мамлакатнинг учинчи йирик шаҳрида овозларнинг учдан биридан камроғини қўлга киритган эди.
Турли сўровларга кўра, Киличдароғлу рақибидан камида 5 фоиз ўзиб кетган бўлса, ўша куни ўтказиладиган парламент сайловларида ҳукмрон партия устунликка эга.
Туркияда парламент ва президентлик сайловлари 14 майда ўтказилиши режалаштирилган.