Туркиядаги ўзбек олимаси “Қутлуғ қон”ни туркчага ўгирди

Ўзбек адабиётининг хорижда танишуви билан боғлиқ яхши хабарлар кейинги йилларда тез-тез қулоққа чалинаяпти. Навбатдаги шундай воқеа хабари Туркиядан келди. Туркия Республикасида илмий изланиш олиб бораётган юртдошларимиздан Замира Ҳамидова-Ўзтурк Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романини турк тилига ўгирди.

 А.С.Пушкин номидаги вилоят ахборот кутубхона марказида таржимон билан қизғин савол-жавобларга бой тарзда учрашув бўлиб ўтди.

Китоб тақдимоти бошланиши аввалида Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти ректори Шаҳзода Негматова таржимон ҳақда тўхталиб ўтди.

Шу ўринда Замира Ҳамидова (Ўзтурк) ҳақда қисқача айтиб ўтсак. У 1976 йил Андижон вилоятининг Балиқчи туманида таваллуд топган. Дастлаб, Тошкент давлат педагогика университетида, сўнгра Туркиянинг Мармара университети (Marmara Üniversitesi)да магистратура босқичини тамомлаган. Узоқ йиллик илмий изланишлари натижасида 2020 йил Туркиянинг Ҳожаттепа университети (Hacettepe Üniversitesi)да «Ўзбекистонда тил сиёсати: стандартлаштириш ва модернизация» («Özbekistan'da Dil Politikası: Standartlaşma ve Modernizasyon») мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

З.Ҳамидова фаолияти давомида бир қанча нашрлар билан бирга "Ўзбекча-туркча изоҳли луғат", ўзбек ва турк адиб-олимларининг ўнлаб таржималари муаллифи.

Олима 2014 йилдан эътиборан Туркия Республикаси Президенти Админстрациясининг Коммуникациялар бошқармасида таржимон, илмий ходим сифатида фаолият юритиб келмоқда.

-Ушбу романни таржимасига киришдиму, мудом шу асарнинг таъсирида яшадим, - дейди Замира Ҳамидова. – Унинг тўлиқ таржимаси, таҳририга етти йил вақт кетди. Ҳали таржима жараёнидаёқ турк ҳамкасбларим мазкур асар, унинг муаллифи, нозик дидли, ҳаёти жуда кўп мураккабликларга тўла бўлган Ойбек ҳаёти ва ижодидан воқиф бўлишди. Устозлар ва ҳамкасблар унинг ҳаётига жуда қизиқиб, бошқа асарлари таржимасига ҳам киришишим лозимлигини такрор-такрор билдиришди.

Таржимонликда “таржиманинг ҳиди келмасин”, деган ибора бор. Асар турк тилида худди аслидагидай ўқилиши учун баъзи сўзларнинг таржимасини йиллар давомида излашимга тўғри келди. Қолаверса, ўзбек қадриятларини кўрсатиб берадиган сўзларга изоҳ ёзишдан эринмадим, 20 йилдан бери Туркияда истиқомат қилганим учун гарчи тилимиз ўхшаш бўлса-да, аммо урф-одатларимиздаги мавжуд фарқларни асар орқали кўрсатгим келди.

Асарнинг турк тилидаги таржимасини қабул қилиб олар экан, вилоят ахборот кутубхона маркази раҳбари Зебинисо Шодиева кутубхона тил ўрганувчи ёки хорижлик китобхонлар учун яна бир ажойиб туҳфа учун муаллифга миннатдорлик билдирди. Учрашув иштирокчилари тилни, хусусан турк тилини ҳам сериал орқали эмас, миллий адабиётимизнинг ўзга тилдаги нашри орқали ўрганиш анча самаралироқ эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Ўзбек ва турк адабиётининг маълум даврини ўрганаётган PhD доктори, туркиялик адабиётшунос Байрам Билир Туркияда ҳам шу даврда “Қутлуғ қон”га ўхшаш асар ёзилгани ва улардаги ўхшашликларга тўхталиб ўтди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.