Турналарнинг кўчиш мавсуми бошланди

Бутунжаҳон турналар куни сентябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланади. Бу сана жорий йилда 11 сентябрь кунига тўғри келди.

Бу гўзал қушларга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш учун мўлжалланган экологик байрамлардан биридир. Ушбу байрам ташкилотчилари Евроосиё турна ишчи гуруҳи, Бонн конвенцияси котибияти (Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция), Сибир турнасини сақлаш бўйича Global экологик фонд ва Халқаро турна фондлари ҳисобланади.

Умуман олганда, дунёда 15 турдаги турналар мавжуд. Уларнинг Ўзбекистонда 3 тури учрайди-кулранг турна, гўзал турна ва оқ турна. Оқ турна Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган. Зарафшон миллий табиат боғи кулранг ва гўзал турналарининг учиш йўлларидан биридир. Март-апрел ва сентябр-октябр ойларида бу қушларнинг юзлаб сурувлари тўқай ўрмони ва Зарафшон дарёси устида учиб ўтади.