Турон йўлбарси, гепард, туркман қулони, Орол сулаймон балиғи нега йўқолди?

Ўзбекистон табиатининг биологик ва ландшафтлар хилма-хиллиги миллий бойлигимизнинг ажралмас қисми. Бу бойлик бир неча минг йиллик эволюция давомида юзага келган ҳамда аждодларимиз томонидан бизга қолдирилган улкан меросдир. Зиммамизда бу меросни авлодларга хилма-хил ва барқарор тизим кўринишида қолдиришдек улкан ва масъулиятли вазифа турибди.

2017 йил сентябрда БМТнинг 72-сессиясида Президентимиз тарихда биринчи бор, БМТ олий минбарида Орол денгизининг харитасини бутун жаҳон ҳамжамиятига кўрсатиб, муаммонинг нечоғли чуқур ва нақадар мураккаблигини очиб берди. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этишда халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришга даъват этди. Орол ҳавзасида биохилма-хилликни сақлашга алоҳида эътибор қаратилди.

2021 йил 18 майда БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг ялпи мажлисида Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш тўғрисида Ўзбекистон Президенти томонидан таклиф қилинган махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди. Қарорни 60 га яқин давлат маъқуллади. Ушбу резолюцияда Орол денгизи ҳудудини ўсимлик ва ҳайвонот олами биохилма-хиллигини муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Республика фаунаси жуда қадимий бўлиб, у мураккаб генетик ришталар билан боғланган. Бу ўлкада Турон ва Туркистон эндемик ва автохтон турларининг аҳамияти катта. Шу билан бирга тарихий ўтмишда бу ерга бошқа ўлкаларидан Марказий Осиёдан, Ҳинди-Хитойдан, Ўрта Ер денгизи атрофларидан, Евро Осиё чўлларидан кириб келган ҳайвон гуруҳларининг ҳам муайян ўрни мавжуд. Фаунанинг бир қисми эса Узоқ Шарқ, Кавказорти, Европа ва Америкадан олиб келиб иқлимлаштирилган ёки тасодифан келиб қолган турлардан иборат. Умуман олганда, замонавий Ўзбекистон фаунасида умуртқали ҳайвонларнинг 688 тури (сутэмизувчилар - 105, қушлар - 441, судралиб юрувчилар - 60, амфибиялар - 3 ва балиқлар - 76) мавжуд, умуртқасиз ҳайвонлар турлари эса 15 мингдан ортиқ.

Сўнгги ўн йилликда табиатдан фойдаланишнинг кучайиши оқибатида, Ўзбекистондаги кўплаб ҳайвон турлари кучли антропоген таъсир остида қолиб, уларнинг яшаш жойлари ва сони бирмунча қисқарди, баъзилари эса бутунлай йўқ бўлиб кетди. Айниқса, ов объектлари сифатида катта амалий аҳамиятга эга бўлган сутэмизувчилар ва қушларнинг йирик турлари, шунингдек инсон томонидан аёвсиз ўзлаштирилаётган, ташқи таъсирга унчалик чидамли бўлмаган экотизимларнинг тарқалиши чекланган ва эндемик турлари хавф остида қолди. Жумладан, турон йўлбарси, гепард, туркман қулони, Орол сулаймон балиғи каби ҳайвонлар умуман йўқ бўлиб кетди. Қоплон, сиртлон, йўрға тувалоқ, Сирдарё ва Амударёнинг кичик ва катта куракбурунлари, Орол бакриси кабилари - йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. Устюрт ва Бухоро қўйлари, морхўр, қорақулоқ, Ўрта Осиё қундузи, оқбош ўрдак, вишилдоқ оққуш, мармар чуррак, йўрға тувалоқ, оқбовур, хентоғ тўгаракбоши, Фарғона тарғил калтакесакчаси, Орол мўйлабдори, чўртансифат оққайроқ, айрим моллюска ва ҳашаротлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган. Кўплаб ҳайвон турларининг сони ҳозирда танглик поёнида бўлмаса-да, лекин узлуксиз камайиб бормоқда. Буларнинг барчасига сабаб - ҳудудларнинг хўжалик мақсадларида ўзлаштирилиши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, биологик ресурслардан меъёрсиз фойдаланишдир. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги асосини суғориладиган деҳқончилик ташкил этади. Охирги ўн йилликлар мобайнида суғориладиган майдонларни кенгайтириш мақсадида Мирзачўл, Жиззах, Қарши ва Сурхон-Шеробод чўллари, Фарғона водийсининг марказий қисми, адирлар ўзлаштирилди. Суғориш туфайли ўзлаштирилган ҳудудларда экологик вазият тубдан ўзгарди. Бундай шароитга мослаша олмаган кўплаб чўл ҳайвонларининг сони кескин камайиб кетди. Жайрон, йўрға тувалоқ ва бошқа ҳайвон турлари ареалларининг қисқариши - бунинг ёрқин далилидир. Текисликлардаги йирик дарёлар ўзанларидаги ўзгаришларни ҳам шулар жумласига киритиш мумкин. Тўқайзорларнинг аксарият қисми кесиб ташланиши  ҳамда сув режимининг ўзгариши туфайли табиий муҳитда ўзгариш юз берди. Йирик гидроиншоотларнинг қурилиши, Орол денгизи сув сатҳининг пасайиб кетиши ва сувининг ўта шўрланиши сабабли унинг туб ихтиофаунаси турлар сони қисқарди, қисқичбақасимонлар ва моллюскаларнинг кўплаб эндемик турлари йўқ бўлиб кетиш ҳолатига келиб қолди. Дарёлар оқимининг сунъий тартибланиши, йирик сув омборлари ва ирригация тизимларининг қурилиши, дарёларнинг юқори қисмларида сувни тоғ-кон саноати эҳтиёжлари учун олиниши, сув ҳавзаларининг ифлосланиши, четдан келтирилган балиқ турларининг салбий таъсири-маҳаллий ихтио ва малакофауналарнинг яшашига таҳдид солмоқда. Жанубий Оролбўйида экологик шароитнинг ўзгариши оқибатида Амударё дельтасида қачонлардир вишилдоқ оққуш, пушти ва жингалак сақоққуш, қорабузов ва бошқа камёб қушлар макони ҳамда орнитологик нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлган ботқоқликлар бугунда ўз моҳиятини йўқотди. Тоғ-кон саноатининг ривожланиши, дарахт ва буталарнинг кесилиши ва чорвачиликда яйловлардан ҳаддан ташқари кенг фойдаланиш натижасидаги ерларнинг нураши, рекреация фаолиятининг уйғунланиши тоғ экотизимларининг ўзгариши ва кўплаб умуртқасиз ҳайвонларнинг локал яшаш жойлари йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш борасида бир қанча жиддий тадбирлар амалга оширилмоқда. Республикада ташкил қилинган олтита тоғ (Ҳисор, Зомин, Китоб, Нурота, Сурхон, Чотқол), учта чўл-тўқай (Қизилқум, Бадай-Тўқай, Зарафшон) қўриқхоналари, иккита миллий боғ (Зомин, Угом-Чотқол), тўққизта буюртмахона (Арнасой, Денгизкўл, Қорақир, Қарнабчўл, Қўшрабод, Муборак, Нуробад, Оқтау, Сайғоқли, Судочье) ва иккита табиий ёдгорликдан (Вардонзе, Ёзёвон) иборат экологик тармоқ ҳайвонот оламининг мажмуий муҳофазасига ва унинг ресурсларидан барқарор фойдаланишга хизмат қилмоқда. Нафақат республикамизда балки бутун минтақада ягона, камёб ҳайвонларни кўпайтириш, уларни сақлаш ва реинтродукция қилиш билан шуғулланувчи "Жайрон" экомаркази ҳам муҳофаза қилинадиган ҳудуд мақомига эга. Республика қўриқхоналарида «Қизил китоб»га киритилган Бухоро буғуси, морхўр, Қизилқум архари, кўк суғур, Туркистон силовсини каби ҳайвонлар, йирик йиртқич қушлар ва ҳашаротлар муҳофаза остига олинган. Камёб ва йўқ бўлиб кетаётган ҳайвонларни ярим тутқинлик шароитида кўпайтириш, уларни сақлаб қолиш ва сонини тиклаш истиқболли йўналиш ҳисобланади. Бу соҳадаги муҳим амалий одимлардан бири “Камёб ҳайвонлар турларини кўпайтириш республика “Жайрон” экомаркази” (Бухоро вилояти) олиб бораётган изланишлардир. Бу ерда республика «Қизил китоб»ига ва халқаро Қизил рўйхатларига киритилган жайрон, Бухоро қўйи, морхўр, қулон, Пржевальский оти каби турларни кўпайтириш ва қўриқлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган йўрға тувалоқни сунъий шароитларда кўпайтириш ва кейинчалик ёввойи табиатга чиқаришишлари Навоий ва Бухоро вилоятларидаги бир қатор ҳайвонлар кўпайтириладиган жойларда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон “Биологик хилма-хиллик тўғрисида”ги Конвенцияга (1995) қўшилиб, халқаро ҳамжамият олдида ўзининг миллий биологик ресурсларини муҳофаза қилиш учун жавобгарлигини эълон қилди. Ўзбекистоннинг бу борадаги кейинги қадамлари - 1997 йилда “Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисида”ги (CITES), 1998 йилда “Кўчиб юрувчи ҳайвонлар турларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги (Бонн-CMS), 2001 йилда “Халқаро аҳамиятга эга, айниқса сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойлари бўлган сув-ботқоқли жойлар тўғрисида"ги (Рамсар (WI) Конвенцияларини имзолаши бўлди. Бонн конвенцияси доирасида қушларнинг камёб ва йўқ бўлиб кетиш турларини муҳофаза қилиш бўйича "Ингичка тумшуқли балчиқчи юзасидаги ҳамфикрлик тўғрисидаги Меморандум" ва "Оқ турнани муҳофаза қилиш юзасидаги ҳамфикрлик тўғрисидаги Меморандум" (1998), "Африка-Евроосиёнинг сувда сузувчи кўчманчи сув-ботқоқли қушларни муҳофаза қилиш бўйича Битим" (AEWA) (2003), "Бухоро буғуси (Cervus elaphus bactrianus)ни сақлаш ва тиклаш масалалари бўйича ҳамфикрлик тўғрисида меморандум" (2002), "Оқ қуйруқ кийик (Saiga tatarica tatarica)ни муҳофаза қилиш, тиклаш ва барқарор фойдаланиш юзасидаги ҳамфикрлик тўғрисида меморандум" (2006) каби халқаро битимлар имзоланди.

Атроф-муҳитни экологик жиҳатдан соғломлаштириш жараёнларини уйғунлаштириш ва биологик ресурсларни муҳофаза қилиш мақсадида "Ўзбекистон Республикасининг биологик хилма-хиллигини сақлашнинг миллий стратегияси ва ҳаракат режаси" (1998) ишлаб чиқилган. «Қизил китоб»ни юритиш мазкур стратегиянинг таркибий қисми бўлиб, биологик хилма-хилликни сақлаш борасидаги ҳаракатнинг навбатдаги босқичидир. “Қизил китоб” ҳайвонот оламини сақлаш соҳасидаги муҳим миллий аҳамиятга эга бўлган асосий давлат хужжати бўлибгина қолмасдан балки Республикамизнинг халқаро конвенция ва битимларни қабул қилиш пайтида ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг ифодаси ҳамдир. Дунёдаги йўқ бўлиб кетаётган ҳайвон турларига бағишланган дастлабки махсус китоблар 1945 йилдан нашр қилина бошлаган. Лекин глобал “Қизил китоб”ни ҳамда камёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ҳайвон турлари рўйхатини тузиш ва юритишнинг илк ғояси 1948 йилда ташкил этилган.

Ҳусниддин Боймуродов,

Самарқанд давлат университети биология фанлари доктори, профессор.