Уч минг патент олган ихтирочи: У эшигининг очилиши мураккаблиги сабабини узоқ йил сир сақлаб келган
Америкалик ихтирочи Томас Эдисон ўз ихтиролари учун АҚШда 1093 та ва дунёнинг бошқа мамлакатларида яна уч мингга яқин патент олган тадбиркор ҳам эди.
У тарихда фонограф яратувчиси, телеграф, телефон, кино ускуналари ҳамда электр лампаси устида олиб борган ишлари билан из қолдирган.
Телефон сўзлашувлари аввалида "алло" сўзини қўллашни ҳам айнан у таклиф қилган.
Унинг ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлиги ҳақидаги ҳикоялардан бири билан танишинг.
Эдисонникига меҳмонга келадиган танишлари унинг дарвозасини очиш нега бунчалик қийин эканига ҳайрон қолишар, анча куч талаб қиладиган бу эшикни очишга қийналишар эди. Ниҳоят дўстларидан бири унга “Сиз каби ўз ишининг даҳоси қулайроқ эшик лойиҳасини яратса ҳам бўларди" деб қолади.
- Менимча эса, - деб жавоб беради Эдисон, - Эшигимнинг лойиҳаси ажойиб яратилган. Чунки у сув таъминоти насосига уланган. Дарчадан кирадиган ҳар бир киши уйимга йигирма литр сув тортиб беради". Бундай лойиҳани ёмон дейиш мумкинми?!