Уч ойда 43,8 миллиард сўм кредит. Бу камми ё кўп?
Самарқанд вилоят Матбуот уйида Марказий банк вилоят бош бошқармаси раҳбарлари ва бўлим бошлиқлари, тижорат банклари бошқаруви раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида банклар фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлди.
Анжуманни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев олиб борди.
Унда 2018 йил ва 2019 йилнинг биринчи чораги давомида вилоят тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолини бизнесга кенг жалб қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш, банкларга хориж сармоясини жалб этиш, бунинг учун банкларда яратилган шарт-шароитлар, имтиёзлар ҳақида гап борди.
– Бугунги кунда вилоятимизда 18 та тижорат банки, уларнинг 60 та филиали, 112 та минибанк ва 52 та жамғарма кассалари фаолият кўрсатмоқда, – дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи Қаюм Собиров. – Аҳоли ва тадбиркорларга молиявий масалаларда айнан шу муассасаларда турли маслаҳат ва йўналишлар берилмоқда, улар шу ерда пул-кредит масаласи, тизимда яратилаётган имтиёз ва имкониятлар билан танишмоқда.
Кейинги йилларда банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва эркинлаштириш тадбиркорлик субъектларини кредитлаш имкониятларини оширди. Натижада жорий йилнинг уч ойи давомида вилоятимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг банкларга мурожаати сезиларли равишда ошди. Уларга «Ҳар бир оила - тадбиркор» дастури асосида 35,3 миллиард сўм, «Ёшлар - келажагимиз» дастури асосида 1,6 миллиард сўм, ҳунармандчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 3,5 миллиард сўм кредитлар ажратилди. Умуман, жорий йилнинг биринчи чораги томонидан шу ва бошқа барча молиявий манбалар ҳисобидан 43,8 миллиард сўм кредитлар ажратилди ва 2 минг 772 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Тадбирда банклар мутасаддилари журналистларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берди.
Акрам БЎРИЕВ.