Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уч йилда 421 нафар фуқаро ис газидан ҳалок бўлди

2020–2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 245 та нохуш ҳолат юз бергани оқибатида 200 нафар фуқаро жароҳатланган, 421 нафари ҳалок бўлган.

Ачинарлиси, бу каби фожиалар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Куни кеча ҳам Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида 3 нафар фуқаро, яъни 53 ёшли аёл ва унинг 9 ва 3 ёшли набиралари вафот этган.

Сенаторлар томонидан бундай ҳолатларга ушбу соҳада ҳали ҳам қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар мавжудлиги сабаб бўлаётгани айтиб ўтилди.

Хусусан, якка тартибдаги уй-жойлар, кўп қаватли уйларда ўрнатилган газда ва қаттиқ ёқилғи ёки нефт маҳсулотларида ишловчи аксарият қурилмаларнинг дудбурон ва шамоллатиш каналлари соз ҳолатда эмас. Улар сифатли тозаланмаган ва белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилмаган. Шунингдек, янги қурилган кўп қаватли уйлардаги дудбурон ва шамоллатиш каналлари амалдаги қурилиш меъёрларига зид равишда ўрнатилмоқда.