Украина тарихида биринчи блэкаут. Тизимни тўлиқ тиклаш вақти номаълум

23 ноябрь куни кечқурун Россия ракеталари яна муҳим инфратузилмага зарба берганидан сўнг Украина бўйлаб шаҳарлар зулматга ботди. Киев электр қувватисиз қолди, Львов ва Харьков ҳам қоп-қоронғу, «свет» Одессада ҳам йўқ. Украинанинг учта электр станцияси вақтинча миллий тармоқдан узилди, бу миллионлаб аҳоли аҳволини ёмонлаштирди.

Украина Қуролли кучлари назоратига қайтган Херсонда қувонч қайтгандек, кўчаларда енгиллик. Бироқ шу билан бирга кўпчилик очарчилик келишидан қўрқишини яширмайди, Херсон аҳолиси фақат инсонпарварлик ёрдами туфайли омон қолмоқда.

Бунинг устига чоршанба куни Россия ракеталари томонидан амалга оширилган навбатдаги оммавий ҳужумдан сўнг Украинада биринчи марта блэкаут - энергия тизими, жумладан, атом электр станциялари тўлиқ тўхтади ва пайшанба оқшомига қадар Киев ва бир қатор вилоятлар аҳолиси электрсиз қолди.

Киев мэри Виталий Кличко кеча кечқурун пойтахт аҳолисининг 60 фоизи электр энергиясиз қолганини айтди.

"Укрэнерго" электр тармоғидаги энергия тақчиллиги 50 фоизга қисқартирилгани, аммо барча атом электр станциялари ёқилгани ва аста-секин қувватга эга бўлишини маълум қилди. Аммо станциялар тўлиқ тикланиш вақтини олдиндан айтиб бўлмайди.

Энергетика министри Галушченконинг сўзларига кўра, бугун эрталаб тўртда энергетиклар мамлакатнинг бутун тизимини қайта бирлаштиришга ва энг муҳим инфратузилма объектларини электр энергияси билан таъминлашга муваффақ бўлишган.

Қандай бўлса-да енгиллик пайдо бўлгунча, эҳтимол вазият янада ёмонлашар. Мамлакат энергетика тизими объектларининг ярми бутунлай ишдан чиққан ёки жиддий шикастланган. Миллионлаб одамлар қишни электр қуввати ва иссиқликсиз ўтказади. Мамлакат ҳукумати энергия тармоғидаги юкни камайтириш учун украиналик қочқинларни ҳали уйларига қайтмасликка чақирмоқда. Сиёсатчиларнинг фикрига кўра, қишдан ўтиб олиш – украиналиклар учун бугунги кунда энг катта ғалаба бўлиб кўринмоқда.