“Украинага зудлик билан Европа Иттифоқига номзод мақоми берилсин”

Кеча, 16 июнь куни Киевга ташриф буюрган тўртта Европа етакчиси Украинани имкон қадар тезроқ Европа Иттифоқининг бир қисми сифатида кўришни хоҳлашини билдирди.

Франция ва Руминия президентлари, Германия канцлери ва Италия бош вазири матбуот анжуманида сўзга чиқиб, Украина Европа оиласининг бир қисми эканлигини таъкидлади.

- Украинанинг ЕИга интеграциялашувини қўллаб-қувватланиши келишилган ва умумий қатъий позициямизнинг асосий ифодасидир, - деди Украина президенти Владимир Зеленский. - Шу пайтгача давом этганидек, Европа тарихи сизнинг Украина интилишларига ижобий муносабатингизни кучайтиради. Украинага иттифоққа номзод мақоми берилиши Европада эркинликни мустаҳкамлашга ёрдам беради, XXI асрнинг биринчи учлигида Европа Иттифоқининг асосий қарорларидан бирига айланади.

Бугун Еврокомиссия Украинага номзод мақомини бериш бўйича ўз тавсияларини эълон қилиши керак. Расмий қарор келаси пайшанба ва жума кунлари 27 давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан Брюсселдаги саммитда қабул қилинади.

Франция президенти Эммануэл Макрон: "Биз тўрталамиз Украинага зудлик билан Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақоми берилишини қўллаб-қувватлаймиз. Келишиб олганимиздек, ушбу мақом аниқ “йўл харитаси” билан бирга бўлади ҳамда Ғарбий Болқон ва минтақада, хусусан, Молдовадаги вазиятни ҳисобга олади", деди.

Франция президенти мамлакати Украинага аллақачон етказиб берилган 12 та ўзиюрар артиллериядан ташқари яна олтита CAESAR ўзиюрар артиллерия мосламаларини етказиб беришини тасдиқлади.

"Украинанинг Евроиттифоққа эҳтимолий қўшилиши Россия манфаатларига жавоб бермайди", деди Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя ўз навбатида пайшанба куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида.