Улуғбек ворислари Европани забт этяпти

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти катта илмий xодими, Опавадаги Силезия университети доценти, физика-математика фанлари доктори Арман Турсунов Милан Одегнал номидаги Чеxия Республикаси Физика жамиятининг биринчи даражали мукофоти билан тақдирланди.

Икки йилда бир марта ёш физиклар учун ўтказиладиган мазкур танлов Чеxияда ишлайдиган, 30 ёшгача бўлган, физиканинг барча соҳалари бўйича илмий ишлар қилаётган ёки Чеxия университетларининг битирувчилари ўртасида ташкил этилади. Танловга сўнгги беш йил ичида нашр этилган ёки нашрга қабул қилинган учтагача илмий ишлар танлаб олинади. 2020 йилги биринчи даражали мукофот ёш ўзбек олими Арман Турсуновга насиб этди. Бу нуфузли мукофот унинг "Қора туйнуклар физикасининг назарий тадқиқоти учун" берилди. Иккинчи ва учинчи даражали мукофотларга чехиялик ва италиялик ёш олимлар сазовор бўлди.

Расмий тақдирлаш маросими 2020 йил 9 сентябрда Чеxия ва Словакия физикларининг Прагадаги 20-анжуманида ўтказилади.

Таъкидлаш лозимки, 29 ёшли Арман Турсунов 2018 йилда юқори энергия астрофизикаси соҳасидаги изланишлари учун Чеxия Республикаси Таълим, ёшлар ва спорт вазирлигининг олий мукофотига сазовор бўлган эди. У, шунингдек, ўз илмий изланишлари учун 2015 йилда Дубна (Россия) қўшма ядро тадқиқотлари институти мукофотини, 2016 йилда Олденбург (Германия) да ўтказилган илмий-тадқиқот гуруҳининг иккинчи даражали мукофотини қўлга киритган.

Бундан олдинги Милан Одегнал биринчи даражали мукофоти ҳам ёш ўзбек олими – Республика Фанлар Академияси Астрономия институти етакчи илмий xодими, фалсафа доктори Бобур Тошматовга насиб қилган эди.

Яна бир ёш олим - Астрономия институти бош илмий ходими, физика-математика фанлари доктори Аҳмаджон Абдужабборов ҳам Европа давлатларининг бир қатор мукофотларига сазовор бўлган. У 2010 йилда Италиянинг Триесте шаҳрида ўтказилган нуфузли танловда “Энг яхши тақдимот” номинациясида ғолиб бўлди, Жаҳон Фанлар академиясига энг ёш аъзо сифатида сайланди. 2017 йилда АҚШнинг Clarivate Analytics компанияси Web of Science маълумотлар базаси бўйича, 2019 йилда эса Европанинг Elsevier компанияси SCOPUS маълумотлар базаси бўйича “Ўзбекистоннинг энг яхши олими” сифатида эътироф этилди.

Бу натижалар, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг ёш олимлари, Мирзо Улуғбек ворисларининг Европани забт этаётганидан далолатдир.