Умумтаълим фанлари бўйича Республика фан олимпиадасининг вилоят босқичи бошланди
Бугун умумтаълим фанлари бўйича Республика фан олимпиадасининг вилоят босқичи бошланди. Олимпиада 2021 йилнинг 5-10 январь кунлари Самарқанд шаҳридаги 9-информатика ва ахборот технологияларини ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб ўтмоқда.
Унда фан олимпиадасининг иккинчи босқичида ғолибликни қўлга киритган мактабларнинг 9, 10 ва 11-синф ҳамда академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларининг жами 1393 нафар ўқувчилари қатнашади.
Олимпиаданинг очилиш маросимида Халқ таълими вазирлиги бош мутахассиси Даврон Тўхтаев, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева сўзга чиқиб, ўқувчиларга муваффақият тилади. Бугун ушбу синовларда муваффақиятли иштирок этган ўқувчи-ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, фан олимпиадаларининг Республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади. Уларни тайёрлаган ўқитувчилар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан 30 баробаригача бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.