Ўқувчиларимиз фан олимпиадасида республикада учинчи ўринни эгаллади
Жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари Тошкент шаҳрида имконияти чекланган махсус мактаб ўқувчилари учун фан олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлими бошлиғи Гулмира Мардонованинг айтишича, унда Самарқанд шаҳар 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаси (“Нурли маскан”)нинг уч нафар ўқувчиси ғолибликни қўлга киритган. Фан олимпиадасида математика фанидан 12-синф ўқувчиси Муроджон Полвонов иккинчи ўринни, она тили ва адабиёт фанидан 11-синф ўқувчиси Шербек Исломов биринчи, 12-синф ўқувчиси Райҳона Шарофова иккинчи ўринни эгаллаб, умумжамоа ҳисобида республикада биринчи ўринга муносиб деб топилди.
Шунингдек, Навоий шаҳрида бўлиб ўтган фан олимпиадасининг республика босқичида СамИСИ академик лицейи иккинчи курс ўқувчиси Давлат Миракилов информатика фанидан биринчи ўринни эгаллади.
Аввал хабар берганимиздек, республика фан олимпиадасининг биринчи босқичида уч нафар самарқандлик ўқувчи ғолиб бўлган бўлса, иккинчи босқичида тўрт нафар ўқувчи фахрли ўринларни қўлга киритди.
- Фан олимпиадасида ўқувчиларимизнинг ютуқлари ҳисобига бу йил республикада учинчи ўринни эгалладик, - деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Шокир Султонов. – Биринчи ўрин Тошкент шаҳри, иккинчи ўрин Навоий вилояти ўқувчиларига насиб этди.