Университетлар фақатгина мутахассис тайёрламасдан, илмий мактаблар яратиши керак

Бир пайтлар бутун респуб­ликамиз бўйича фақатгина иккита университет мавжуд эди. Бири ТошДУ – бугунги Ўзбекистон Миллий университети, иккинчиси СамДУ – ҳозирги Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети.

Қолган олий таълим муассасалари, асосан, педагогика ва бошқа институтлардан иборат бўлган. 2016 йилдан бошлаб, олий ўқув юртлари сони бирга-бир ошганини кўрамиз. Университетлар тўғрисида гапирганда, биргина Самарқандда 3 та университет пайдо бўлди.

Тажрибадан маълумки, инс­титутлар нисбатан тор мутахассислар тайёрлашга ихтисос­лашган бўлиб, маълум бир соҳа ёки йўналишни ўз ичига олади. Университетларнинг йўриғи бошқа. Беҳуда университетни уммонга қиёсламайдилар.

Давлатимиз раҳбари қарори билан яқинда Самарқанд давлат тиббиёт институтига университет мақоми берилиши жуда тўғри ва ўринлидир. Бунинг биринчи боиси, мазкур даргоҳ Марказий Осиёда ташкил қилинган биринчи тиббиёт олий таълим муассасаси ҳисобланади. Ундан кейин ташкил қилинган институт, академия, университет бўладими, ҳаммаси, аввало, Самарқанд давлат тиббиёт университети негизида пайдо бўлганлигини унутмаслигимиз зарур. Бу тарихий адолатни тиклаш йўлида ташланган ўта муҳим қадамдир.

Самарқанд давлат тиббиёт университети ташкил этилгандан то бугунгача мамлакатимиз тиббиётининг улуғ намояндаларини, забардаст дарғаларини етиштириб берганлиги билан ҳам эътибор ва эътирофга ло­йиқ. Ўзбекистон Республикаси фан арбоблари, академиклар Ўктам Орипов, Ислом Зокиров, профессорлар Николай Мирзоян, Ўктам Ваҳобова, Акрам Мўминов, Субҳонқул Орипов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Нурмамат Абдуллаев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач Нуриддин Камолов, Ўзбекистон Қаҳрамони Раҳмон Муҳаммадиев, академик Раҳим Ҳайитов...

Улар айнан Самарқанд давлат тиббиёт университетини тугатиб, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган. Тиббиёт фанида мактаб яратган улуғ сиймолар эди. Фақат бугина эмас, соғлиқни сақлаш соҳасини ташкил этиш ва оёққа турғизишда ҳам Самарқанд давлат тиббиёт университетининг муҳим ўрни бор.

Самарқанд давлат тиббиёт университети таркибида институтлар очилиши, клиникалар фаолияти янада кенгайтирилиши, моддий-техника базаси мус­таҳкамланиши, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини янада ошириш юзасидан чора-тадбирларнинг белгиланиши келгусида Самарқанд Ўзбекистон тиббиётининг марказларидан бирига айланишини кўрсатади.

Яқин тарихимизда бир қатор соҳалар қатори ветеринария ҳам инқирозга юз тутганди. Чорвачилик таназзулга учраб, нафақат чорвачилик учун, балки инсон саломатлиги учун ҳам ўта муҳим бўлган ветеринария фани ҳам эътибордан четда қолгани бор гап. Дастлаб Самарқанд ветеринария медицинаси институти, унинг негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг ташкил қилиниши соҳа ривожига астойдил киришилганлигини кўрсатади. Бизга маълумки, ҳар қандай йўналишни тараққий эттириш учун аввало, кадрлар билими муҳим аҳамиятга эга. Бу борада зарур қадам ташланди. Эндиги гап уни ижро этишда.

Давлатимиз раҳбарининг узоқни кўра олиши натижасида ташкил этилган бу университетларда бундан кейин илмий салоҳият янада ошади. Университетлар фақатгина мутахассис тайёрлаб қолмасдан, балки илмий мактаблар яратилиши, халқаро миқёсда эътироф этиладиган олимлар корпусига эга бўлиши билан ҳам аҳамиятлидир. Дастлаб фан ривожланиши чуқур тадқиқ этилиши керак. Шундан сўнг юксалган илм-фан сифатли кадрлар етиштириш омилига айланади.

Самарқанд давлат университети 600 йиллик тарихга эга. Университет мақомида фаолият кўрсатганига ҳам бир асрга яқин вақт бўлди. СамДУ маъмурияти янгидан ташкил этилган университетларга ҳар томонлама ёрдам беради. Бу тажриба алмашиш, илмий-услубий кўмак, халқаро алоқаларда ҳамкорлик бўладими, барчасига тайёрмиз.

Бугунги Ўзбекистон ёшлари жуда бахтли. Ҳеч қачон, ҳеч қайси замонда ўқишга, илм-­олишга, олим бўлишга бунчалик имконият берилмаган. Минг афсуски, ойлиги паст профессор-ўқитувчи тамагирликни касб қилганидек, муаллим ва шифокор мажбурий меҳнатдан безиб, ўз ишини ташлаб кетгандай, ёшларимиз ҳам бугун яратилаётган шарт-шароитларни тўлақонли англаб етмаяптилар, деб ўйлайман. Лекин бу вақтинча.

Илм-фан ривожланса, бунинг натижасида мамлакат тараққий этса, ишлаб чиқариш кенгайса, иш ўринлари яратилса давлат иқтисоди йилдан-йилга кўтарилади. Такрор бўлса-да, айтмоқчиман, халқимиз бир ҳақиқатни чуқур англаб етиши керак. Бу борада Президентимизга ҳамоҳанг бўлишимиз зарур. Нима демоқчиман? Илм-маърифатли авлодни етиштиришда, сўзсиз, давлатнинг ўрни беқиёс. Буни инкор этиб бўлмайди. Лекин фарзандлари илм ўрганиши учун ота-оналар ҳам астойдил ҳаракат қилиши керак. Шунда биз ўзимиз орзу қилганимиздек, хоҳлаганимиздек яшаймиз. Илмли ёшлар мамлакатни ҳаракатга келтирувчи кучга, қудратга эга бўлади.

Рустам Холмуродов,

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат

университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси.