“Аёллар дафтари” - доимий ёрдам машинаси эмас

Сабоҳат иш излашга кўп вақт сарфламади: маҳалла хотин-қизлар фаоли унинг муҳтожлигини билгач, касб-корига, имкониятига қараб бир нечта иш таклиф қилди. У боғчани маъқул кўрди ва шу ерда иш бошлади.

Тўғри, маоши ундай юқори эмас, лекин ноилож, дипломи бўлмаса, бошқа ҳунарни ҳам вақтида ўрганмаган.

“Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар ҳақида гап кетганда уларга кўрсатилаётган ёрдам, рўзғорини тебратиш учун ажратилаётган кўмак қишлоқ ҳудудларида паррандачилик, чорва, тикувчилик йўналишларида бўлиши ҳақида кўп ёзганмиз. Қишлоқ аёлларини иш ўрни билан таъминлаш осон кечмайди, шунинг учун уларга асосан ўз-ўзини уддалаш, рўзғорини тебратиш учун шароитлар яратишга ҳаракат қилинади. Хўп, шаҳарда бу масалада қандай йўл тутилади?

Мингтут маҳалласи Самарқанд шаҳридаги марказий маҳаллалардан бири. Бу ерда 850 нафар хотин-қизлар истиқомат қилади, уларнинг 41 нафари бу йил “Аёллар дафтари”га киритилган.

- Маҳалламиз шаҳарнинг марказида бўлгани учун бу ерда аҳоли учун иш ўринлари топиб беришда кўп қийналмаймиз, - дейди Мингтут маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Назокат Сапарова. –Ҳудудимизда 20 дан зиёд корхона ва ташкилотлар мавжуд, кўпинча уларнинг ўзлари бизга у ёки бу иш қўлидан келадиган хизматчи топиб беришларини сўраб мурожаат қилишади. Шундай пайтда биринчи навбатда хатловдан ўтказилганда ишга муҳтож сифатида рўйхатга киритилган хотин-қизларни бу ҳақда огоҳлантираман. Шу йилнинг ўзида беш нафар хотин-қизлар шу атрофдаги турли корхоналарга ишга жойлашишга муваффақ бўлишди. Қолаверса, жами 50 нафарга яқин аёллар атрофдаги корхоналарда меҳнат қилишади.  Дафтарга киритилган 4 нафар хотин-қизларни  “Тадбиркорлик маркази”да бепул касб-ҳунарга ўргатишга йўанлтирдик. Боқувчиси йўқ, ногирон фарзанди бор 22 нафар оилаларга бир марталик ёрдам пуллари ажратилди. Уй-жой таъмирига муҳтож аёллардан бирининг хонадонида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур дафтарга киритилган 41 нафар хотин-қизларнинг барчаси Самарқанд шаҳридаги 11-сон оилавий поликлиника мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.

Шу йил январь ойидан бошланган хатлов доирасида бу йил вилоят миқёсида 104 минг 509 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши ходимлари “Аёллар дафтари”нинг олтинчи босқичига киритилган хотин-қизларга кўрсатилган амалий ёрдамларни мониторинг қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини олиб бориш мақсадида вилоят кенгаши ходимлари шаҳар ва туманларга бириктирилди.

- Айни пайтгача  “Аёллар дафтари”га киритилган 104 минг 509 нафар хотин-қизлардан 60 минг 466 нафари ёки 57,9 фоизига амалий ёрдам кўрсатилган, - дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши раиси ўринбосари Акбар Абдусаидов. - Хусусан, 44844 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлардан 30 378 нафари ёки 67,7 фоизининг бандлиги таъминланган.

Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 3292 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлардан 2410 нафарига 73,2 фоизига кредит ажратилган. Боқувчиси бўлмаган 23991 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлардан 11327 нафарига 47,2 моддий ёрдам кўрсатилди. 267 нафар уй-жойи таъмирланишга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлардан 51 нафари, яъни 19,1 фоизининг уй-жойи таъмирлаб берилган. 

Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож 21 825 нафар хотин-қизлардан 9074 нафарига зарур ёрдам кўрсатилган. 76 нафар уй-жой билан таъминланишга эҳтиёжманд хотин-қизлардан 13 нафарига уй-жой ажратилди.

Ижарада яшовчи 265 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 55 нафарига ижара компенсацияси тўлаб берилган. Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд 10216 нафар эҳтиёжманд аёллардан 7189 нафарига, яъни 70,4 фоизига ёрдам кўрсатилган. 155 нафар хотин-қизларнинг 64 нафарига, яъни 41,3 фоизига томорқадан унумли фойдаланиш учун ёрдамлар кўрсатилди.

Кенгашимиз Аёллар дафтарининг олтинчи босқичига киритилган хотин-қизларга кўрсатилган амалий ёрдамларни мониторинг қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини олиб бориш билан шуғулланади. Вилоят кенгаши ходимларидан иборат гуруҳлар шаҳар ва туманларда мазкур масалада олиб борилаётган ишлар билан чуқур танишиб боради. Йил охирига келиб мазкур ёрдамлар ўз эгасига тўғри етиб бордими, йўқми, бу бўйича алоҳида мониторинг олиб борилади.

Маҳалла фаоллари билан суҳбатлашар эканмиз, “Аёллар дафтари” кейинги йилларда хотин-қизларга ёрдам кўрсатишнинг асосий бир дастури сифатида кўрилаётганини билдиришди. Аммо бу дафтарга кириб, доимий равишда моддий ёрдам олиш мумкин, деган фикрли хотин-қизлар сони ҳам кўпаймоқда. Дейлик, мазкур дафтарнинг бир тоифаси, ишсизлик бўйича рўйхатга тушган аёлга ўз ҳудудидан иш таклиф этилади, ёки хоҳишига кўра маълум касб-ҳунарга ўқитилади. Аммо рўйхатдаги аёл бундан норози, сабаби, унга моддий ёрдам ажратилишини истайди. Ваҳоланки, у моддий ёрдам оладиган тоифада эмас. Қолаверса, тадбиркорлик бошламоқчи бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларга имтиёзли кредит ажратилади. Афсуски, аксарият хотин-қизлар буни субсидия деб ўйлайди. 

Хуллас, “Аёллар дафтари”дан мақсад фақат доимий моддий ёрдам ажратиш эмас, аёлни ишли қилиш, қўлидаги ҳунари ва интилишига оз бўлса-да туртки ва моддий рағбат беришдан иборат.

Гулруҳ Мўминова.