Унутмоқ осонмас уларни: "Онажон, каъбам ўзинг, сенсиз жаҳонни на қилай?"

9 май - Хотира ва қадрлаш куни олдидан самарқандлик ижодкорлардан айримларини эслашни лозим топдик. Улардан бири - салоҳиятли раҳбар ва таниқли шоир Ҳайдар Яҳё.

Ҳайдар Яҳёев 1927 йил 9 январда Самарқанд шаҳрида туғилган. 37 йилдан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларида турли лавозимларда ишлаган. Жумладан, 1964 йилдан 1979 йилгача, ўн беш йилдан ортиқ Ички ишлар вазири лавозимида фаолият юритган, генерал-лейтенант унвонига сазовор бўлган. У нафақат нуфузли раҳбар, балки ижодкор ҳам бўлган, унинг бир қанча шеърий тўпламлари нашр этилган. Кўплаб шеърлари таниқли санъаткорлар томонидан қўшиқ қилинган.

Давлат ва сиёсат арбоби, шоир Ҳайдар Яҳё 2013 йил 22 август куни 86 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этган.

Қуйида шоирнинг шеърларидан намуна ўқийсиз.

ОНАЖОН
Онажон, номинг дилимда жисм аро танҳо ўша,
Шафқатинг битмас хазина менга минг тилло ўша,
Ҳар нафас меҳринг булоғи, тошса бир дунё ўша,
Кўз очиб кўрдим ўзингни, менга бир дунё ўша.
Онажон, каъбам ўзинг, сенсиз жаҳонни на қилай,
Танда меҳринг ёнмаса, беҳуда жонни на қилай?

Тарк этиб орому сабринг менга бахт бердинг мудом,
Ҳам жигарпорам дея, чекдинг аламлар субҳу шом.
Тоза қалбинг бўлди қанча-қанча қайғуларга жом,
Сендан ўргандим буюк имло била ширин калом,
Онажон, каъбам ўзинг, сенсиз жаҳонни на қилай,
Этмаса номингни ёд ўткир забонни на қилай?!

Меҳрибон, мушфиқ, мураббий, бунча беозорсан,
Жонажон, мунис, азизам, шодлигимга ёрсан.
Хаста бўлсам, жонга дармон, ҳар саҳар бедорсан.
Гар йироқ кетсам туну кун изларимга зорсан,
Онажон, ўғлинг деди: сенсиз жаҳонни на қилай?
Бўлмасанг бошимда сен, бу ошённи на қилай?!

Бора-бора
Излаб гул оразингни, арз айладим баҳора,
Кўрсам дея юзингни раъно гулида зора.
Васлинг хумори бўлдим, васлинг умидин боғлаб,
Ҳажрингда ёнди жисмим, ҳам бағрим пора-пора.
Муштоқ бўлганимда ўтли қарашларингга
Кўрсатди кўз қароши ой шуълада сетора.
Тунларга қиёс этдим кокилларингни, дилбар,
Тунлар ёришди, аммо сочлар қораю қора.
Дийдор кўришганимда ишқим баён этолмай,
Термулганимча қолдим сен ёр иси хумора.
Мужгон тиғини от, деб ёлворганимда айтдинг,
Бўлмайди, жисму зоринг ўртайди бора-бора.
Орому ихтиёрим олдинг, санам, шу онда,
Ишқингда ёнди Яҳё, йўқ энди бошқа чора.

Куйлар
Дилбар қўлида сози,
Ҳар пардасида нози,
Ноз узра ишқ рози,
Кўзи хумор куйлар,
Чертиб дутор куйлар.

Куйлар кўнгил хуморин,
Ҳам санъатин, баҳорин,
Айтиб кўнгилда борин,
Гулюз нигор куйлар,
Чертиб дутор куйлар.

Атлас либоси гулгун,
Ҳам қошиёси гулгун)
Нозу адоси гулгун,
Мастонавор куйлар,
Чертиб дутор куйлар.

Оҳанги дилга монанд,
Жон пардасига пайванд,
Борини этиб банд,
Мастонавор куйлар,
Чертиб дутор куйлар.

Бахтин этиб тарона,
Куйлайди ёна-ёна,
Шу дилрабо замона,
Яҳёга ёр куйлар,
Кўзи хумор куйлар,
Чертиб дутор куйлар.