«Ура-а» - қайси тилдан олинган?

«Ура-а-а», «Ура-а-а-а» - бу жанговар ҳайқириқни уруш ҳақидаги фильмларнинг деярли барчасида эшитганмиз. Айниқса, иккинчи жаҳон уруши даврида совет қўшинларининг душман устидан ғалаба қозонишида аскарларга жанговар руҳ бағишлаган.

Аммо бу хитоб қандай пайдо бўлганлигини кўпчилик билмайди. Тарихчилар қатор йиллардан буён шу хитобнинг қайси тил ва миллатга тегишли эканлигини аниқлаш мақсадида изланишлар олиб боришади. Кўпчилиги уни рус тилидан келиб чиққан деб ўйлашади. Ҳатто, бир неча аср илгари бу сўзни ўз тилларидан сиқиб чиқаришга уринишлар ҳам бўлган.

Славянча назария

Кўпчилик тилшунослар «ура» сўзи славян тилларидан келиб чиққан дейишади. Кўпроқ литваликларга хос бўлган «вирай» сўзининг қисқартирилган ҳолатида келиб чиққан деб таъкидлашмоқда. Россиянинг Новгород шаҳри аҳолиси шевасида «у рай», яъни «жаннатда» сўзининг ҳам айтилиши «ура»га яқинроқ. Архангельск вилоятига қарашли айрим ҳудудларда «куч», яъни «сила» ҳам «ураза» дейилган. Шу сабаб ҳайқириқни славян тилларига боғлашмоқда.

Мўғул-татарларда нима дейилган?

Мўғулларда «урагшлах» сўзи «олға» деб таржима қилинади. Айнан улар рақиб устига юриш қилганларида худди шундай дея қичқиришган. Балки, шу ҳайқириқ босқинлар даврида рус тилига кириб келган бўлиши ҳам мумкин.

Бу ҳайқириқ шарқ халқларига хос

Тилшунослик тарихидан маълумки, бугунги рус тилидаги кўпгина сўзлар турк тилидан кириб келган. Шу жумладан, «ура» хитоби ҳам ўзлаштирилган бўлиши мумкин. Чунки аждодларимиз душман устига ҳужум қилганларида баралла «ураман» дея хитоб қилишган. Аниқроғи, жанг вақтида ушбу сўзнинг иккинчи қисми тушиб қолган ва машҳур жанговар ҳайқириқ пайдо бўлган.

Озарбайжон тилида «ур» сўзи «вур» тарзида талаффуз қилинади. Ўз-ўзидан «Вура!» сўзи «ура»га айланган бўлиши мумкин. Турк тилида «юр», яъни «кетдик» сўзи ҳам бор. Қизиғи, болгар тилидаги «юра» сўзи «ҳужум қиламан» деб таржима қилинади.

Петр I «ура»ни нега бекор қилган?

Буюк Петр европача кўплаб одатларни руслар ҳаётига татбиқ қилган. Жумладан, қўшиннинг жанговар ҳайқириқларини ҳам. Одатдаги «ура» сўзи ўрнига «виват» деб хитоб қилишни талаб қилган.

Аммо тарихчилар 1706 йилда ҳарбийлар жанг вақтида ўзини қандай тутиш кераклиги қайд этилган ҳужжатларда Петр I ўз зобит ва аскарларига жанг вақтида умуман қаттиқ овоз чиқармасликни буюрган. Чунки ҳар қандай ҳайқириқ жанг вақтида бошқаларни ваҳимага солиб қўйиши мумкин, деб ўйлаган. Тартибни бузганлар жойида отиб ташланган. Император ўлимидан сўнг ҳаммаси яна ўз ўрнига қайтди: рус армияси французча «виват» ўрнига яна «ура» дея жангга кира бошлади.

Хўш, бошқа халқларда нима деб қичқиришган? Улар ўз жангчиларининг жанговар руҳини қай тарзда кўтаришган? Прусслар «ура» ҳайқириғини Рус империяси қўшинларидан мағлубиятга учрагач қабул қилишган. Бу ҳатто, прусс ҳарбий низомида ҳам «hurra» деб ёзиб қўйилган. Бунгача улар жангга «forvarts», яъни «олға» деб ташланишган. Наполеон қўшинлари руслардан мағлубиятга учрагач, «ура» сўзи инглиз, француз, ҳатто, турк армиясига ҳам кириб келган.

«Банзай» - императорга узоқ умр дегани

Қизиғи, ўрта асрларда француз ва инглизлар жангга «худо ва менинг ҳуқуқим» деб ҳайқириб киришган бўлса, турклар бошқа мусулмон халқлари сингари «Аллоҳ» ва «Аллоҳу акбар» дея ҳужумга отланишган. Японияда «банзай», яъни императоримизга 10.000 йил умр тилайман дейишса, Исроилда қадимдан «хедад» дея ҳужумга кириш сақланиб қолган. АҚШ армиясида жанговар хитоб қабул қилинмаган. Уларнинг десантчилари одатда «джеронимо», «денгиз мушуклари» эса - «хууу» деб ўз сафдошларини жанговар руҳиятини кўтаришади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ таржимаси.