«Ургут» эркин иқтисодий зонаси: имтиёз, имконият, иш ўрни ва даромад

 “Ургут” эркин иқтисодий зонаси давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги фармони билан ташкил этилган. Саноат зонаси учун вилоятнинг 5 та ҳудуди – Ургут туманининг Мерганча, Сариқтепа, Паст Дарғом туманининг Дўстлик, Нуробод туманининг Сазағон ва Самарқанд шаҳрининг Хишрав-2 массивидан 918 гектар ер майдони ажратилган.

- Ургут туманининг Сариқтепа массивидаги 246 гектар майдонда икки йилда 272 миллион долларлик 49 лойиҳа ишга тушди ва 3300 га яқин аҳоли иш билан таъминланди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Ойбек Ходжаев. - Ушбу корхоналар жорий йилнинг 7 ойида 554 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариб, 12,4 миллион долларлик товарларни экспорт қилди. Жорий йилда иқтисодий зонада қиймати 350 миллион долларлик 70 дан ортиқ лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг тўлиқ ишга туширилиши ҳисобига қарийб 5,5 мингта иш ўрни яратилиши, 250 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 50 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши белгиланган. Шу асосда ўтган йилда 270 миллион долларлик инвестиция киритилди. Шунингдек, 24 та лойиҳа ташаббускорлари томонидан 78 миллион доллардан ортиқ сармоя киритилиб, корхоналарда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Ушбу корхоналар фаолият бошлаши билан яна қарийб 1,4 мингга яқин иш ўрни яратилади. 

Қайд этиш лозимки, эркин иқтисодий зонада ишлаб чиқаришни ташкил этган тадбиркорга 3 йилдан 10 йилгача солиқ имтиёзлари берилади. Бунинг учун аввало, юқори технологияга асосланган маҳсулот ишлаб чиқарувчи, қўшилган қиймат яратувчи, маҳсулотни экспортбоплиги ва албатта кўпроқ иш ўринлари яратиладиган лойиҳалар танлаб олинади.

Ургут гиламлари Америка ва Японияга ҳам экспорт қилинади

“YEC гиламлари” корхонаси ана шундай талаблар асосида танлаб олинган иқтисодий зонадаги дастлабки корхоналардан бири ҳисобланади. Умумий қиймати 21 миллион еврога тенг бўлган корхонада 600 га яқин иш ўрни яратилган. Бу ерда ўрнатилган битта ускуна ёрдамида кунига 1,5 минг квадрат метр ип тўқилади.

- Гранулани қайта ишлаб, йилига 2 миллион 600 минг квадрат метр гилам маҳсулотлари ишлаб чиқармоқдамиз, - дейди корхона таъсисчиси Жамолиддин Салоҳиддинов. – Гилам тайёрлаш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда грануладан ип тайёрланади ва бу жараённинг ўзи уч турга бўлинади. Иккинчи босқичда гилам ишлаб чиқариш учун 8 хил рангдан фойдаланилади. Тайёр бўлган ипдан 15 дан ортиқ турли дизайндаги гиламлар тўқилади. Ҳозиргача маҳсулотимизни 9 давлатга экспорт қилаётган бўлсак, яқинда АҚШга гилам етказиш борасида шартнома тузилди. Шу пайтгача кунчиқар юртга Ўзбекистондан бундай маҳсулот экспорт қилинмаган экан, гиламларимизни Японияга сотишни бошладик. Кейинги йил яна битта линияни ишга тушириб, қўшимча 60 та иш ўрни яратмоқчимиз.

Газ плита учун 137 корхона очиш мумкинми?

Эркин иқтисодий зонадаги энг истиқболли корхоналардан бири “IDEAL ELECTROLUX” қўшма кохонаси ҳисобланади. Корхона раҳбари Соҳиб Азимов дастлаб маиший техника воситаларини чет элдан келтириб сотиш билан шуғулланган. Кейинчалик бундай замонавий техника воситаларини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

- Юртимизда тадбиркорлар учун қулай инфратузилма яратилди ва хорижий ҳамкорларимиз билан шу ерда маиший техника воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, - дейди С.Азимов. – Корхонамизда биринчи йўналишда музлаткич, телевизор, электр печь, газ плита ва бошқа маиший техника воситалари ишлаб чиқариляпти. Маҳсулотимизни ички бозордан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Афғонистон ва Россияга экспорт қиляпмиз. Пандемия даврида 500 минг долларлик маҳсулот сотдик, йил якунигача бу кўрсаткични 1,5 миллион долларга етказмоқчимиз. Ҳозирда ҳамкор давлатлардан маҳсулотимизга талаб анча ортди. Шу талабга яраша таклиф этаётган маҳсулотимизнинг сифати яхши, рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш учун ҳаракат қиляпмиз.

Ҳозиргача корхонамизда 50-65 фоиз маҳсулот маҳаллийлаштирилди. Биз каби корхоналар фойдаланадиган металл хомашёси ўзимизда ишлаб чиқарилса, натижани янада яхшилаш имкони яратилади. Масалан, биргина газ плита учун 137 хил хомашё ишлатилади. Бу эса 137 та корхона очиш мумкин, дегани. Агар республикамизда шу йўналишдаги корхоналар иккитадан очилса, камида 250 та корхона бўлади. Бу маиший техника бозорида жуда кучли рақобат яратади.

1,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади

Жорий йилнинг ўтган 7 ойида эркин иқтисодий зонада қиймати 9,8 миллион долларлик текстиль, пойабзал, маиший техника воситалари ишлаб чиқариш йўналишида 8 та лойиҳа ишга тушди. Йил якунигача яна 8 та корхонада 750 дан ортиқ иш ўрни яратилиши, 307 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 6,6 миллион долларлик экспортни амалга ошириш кутиляпти. Бу билан йил якунигача иқтисодий зонада амалга оширилган лойиҳалар сони 57 тага етказилади, иш ўринлари 4 мингдан ортади. Ишлаб чиқариш қувватлари 1,2 триллион сўмга етиши ва 40 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш кутиляпти. Истиқболда эса импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳаларни ўрганиш ва жойлаштириш режалаштирилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.