“Ургут садоси” газетасининг собиқ муҳарриридан 20 минг доллар талаб қилган аудитор 3 йилга “кесилди”
Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди судьяси А.Аҳмадов Zarnews.uz га маълум қилди.
Аниқланишича, А.Б. масъулияти чекланган жамият шаклидаги “AUDIT-HISOB MARKAZI” аудиторлик ташкилотида аудит ёрдамчиси лавозимида ишлаган.
У шартномага асосан жорий йилнинг 10 март куни “Ургут садоси” таҳририятининг молиявий аҳволини ўрганишни бошлаган. Текширув давомида аниқланган камчиликлар С.Т.нинг муқаддам бош муҳаррир бўлиб ишлаган даврига тўғри келишини аниқлаб, телефон орқали суҳбатлашиб, С.Т.дан кўп миқдорда пул талаб қилган.
2017 йил декабрдан 2020 йил 3 мартга қадар “Ургут садоси” газетасида бош муҳаррир лавозимида ишлаган С.Т. суд мажлисида билдиришича, лавозимидан бўшатилганидан кейин янги бош муҳаррир аудит текшируви ўтказилгач, ҳужжатларни, бошқа воситаларни топшириш ва қабул қилиш ишлари амалга оширилишини билдирган.
Шундан сўнг С.Т. ўз яшаш уйида якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган. Одатий кунларнинг бирида бегона рақамдан қўнғироқ бўлиб, унинг бош муҳаррирлик фаолиятида кўплаб камчиликлар аниқланаётганини, агар келишолса, бу маълумотларни ИИВга бермаслигини билдиради.
Табиийки, С.Т. айтилган манзилда учрашувга рози бўлади. Мулоқот давомида А.Б. аниқланган камчиликларни очиқламаслик шарти билан 20 минг доллар талаб қилади.
А.Б.нинг ноқонуний ҳаракатлари бўйича Давлат хавфсизлик хизматига мурожаат қилган С.Т. бир неча кундан кейин 10 минг доллар бера олишини айтади.
Белгиланган жойдаги учрашувда А.Б. 10 минг долларни олмайди. Махсус ишланган тахламдаги пуллардан 1 донаси, яъни 100 долларни олади. Шундан сўнг бозорга бориб, харид қилиш учун пул сўраган А.Б.га С.Т. ўрамдаги пуллардан яна бирини тутқазади. Пул чўнтагига тушиб улгурмасидан А.Б.нинг қўлларига кишан тақилади.
Ишни атрофлича кўриб чиққан суд А.Б.га 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. А.Б. шунингдек, 3 йил аудиторлик ташкилотларида аудиторлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.