Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургут тоғларидаги мўъжиза қандай яратилган?

Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Ушбу ҳужжат асосида сув тежамкор технологияларни жорий этган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига пахта ва узумзорларнинг 1 гектарига 8 миллион сўмдан субсидия ажратиш белгиланган.

Мевали боғларга 6 миллион сўм, дуккакли ва озуқа экинларининг гектарига 2,5 миллион сўмдан субсидия маблағи ажратилади. Хўжаликлар олинган субсидия маблағларини биринчи йилда тадбиқ этмаса маблағни тўлиқлигича ва бешинчи йилда 20 фоизи давлат бюджетига қайтарилади.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва Ургут тумани бўлими туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этган пресс-тур Ургутда сув тежовчи технологиялар ёрдамида интенсив боғдорчиликни ривожлантириш мавзусида бўлди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб «Интенсив Эко Гарден» кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан Туркиянинг замонавий сув тежамкор технологияси асосида барпо этилган 110 гектарлик интенсив боғ билан танишди. Мазкур хўжаликда Туркия технологияси асосидаги сув тежовчи технологиялар ёрдамида 50 гектар гилос, 10 гектар нок ва 50 гектар майдонда кўчат етиштириш йўлга қўйилган.

Тадбир иштирокчилари туманнинг Қоратепа маҳалласида “Фреш Фрутес” фермер хўжалиги томонидан 115 гектар майдонда барпо этилган “Чандлер” навли ёнғоқзор плантациясида сув тежамкор технологияларнинг  жорий этилганлиги билан ҳам танишдилар. Бир неча йил аввал сувсизликдан фақат тикан ўсадиган майдонда ҳозир кўзни қувнатадиган боғ барпо этилган.  

- Хўжаликка қарашли 1,30 гектарли иссиқхонада йилига 70-80 минг дона ёнғоқ, бошқа кўчатлар билан бирга йилига 1 миллион дона кўчат тайёрланади, - дейди хўжалик бош агрономи Сами Холбобоев. – Дастлаб улардан ёнғоқ кўчатларни олиб келдик, лекин бир дона кўчат қарийб 7 долларга тушди, кейин арзонроқ кўчат етиштириш учун шу ерда кўчат тайёрлашни ташкил қилдик. Кўчатчиликни Туркияга бориб ўрганиб келиб кейин бошладик, ҳозир биз уларнинг технологияси асосида кўчат тайёрлаяпмиз. Далага оддий маҳаллий навдага ёнғоқ экамиз, бир йилдан кейин ковлаб олиб, бошқа навга пайванд қиламиз. Пайвандни аввал даланинг ўзида синаб кўрдик - самара кам, август ойида пайвандлаб кўрдик - кутилган натижа бўлмади. Кейин март-апрель ойларида иссиқхонада 15-28 даражада пайвандлаб кўрганимиза натижа яхши бўлди.  

  

Туманда мазкур йўналишдаги яна бир истиқболли лойиҳа - «Акрамобод замин баҳори» фермер хўжалигида Туркиянинг «Торос» компанияси билан ҳамкорликда умумий қиймати 3,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги суғорилмайдиган лалми ерда 200 гектарлик замонавий интенсив боғ  яратилмоқда. Шунингдек, фермер хўжалиги томонидан лойиҳа қиймати 3,5 миллион АҚШ доллари бўлган «Инветро» лабораторияси қурилмоқда. Кейинги йилдан фаолият бошлайдиган лабораторияда йилига 5 миллион дона мевали кўчат тайёрланади. Бу эса четдан кўчат импорт қилишга ҳожат қолдирмайди.

«Фруктовая карзинка» фермер хўжалигида маҳаллийлаштириш дастури асосида сув тежовчи технологиялар учун турли ўлчамдаги бетон устун (шпаллер)лар, брезент қопламалар, турли ўлчамдаги пластмасса қувурлар ишлаб чиқарилмоқда.

Шу ерда Ургут тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Бегзод Тугалов туманда сув тежовчи технологиялар жорий этилиши бўйича маълумот берди.

- Туманимиздаги 24,5 минг гектар суғориладиган майдон учун 173 миллион метр куб сув керак, лимитимиз эса 147 миллион метр кубни ташкил этади, - дейди Б.Тугалов. – Кўриниб турибдики, бу масала ечимида сув тежовчи технологиялар ёрдам беради. Шу боис туманимизда 1205 гектар ўрнига имкониятдан келиб чиқиб 3 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш белгиланди. 2021-2022 йилларда 155,6 миллиард сўмлик 58 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобидан яна 400 та янги иш ўрни яратилади. Йилнинг биринчи чорак якунигача туманимизда жами 3 850 гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди.

Жорий йилда 223 та фермер хўжалиги томонидан қиймати 67,8 миллиард сўмга тенг лойиҳалар амалга оширилиб, 3 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар ўрнатилади. Бунинг натижасида электр энергияси 30 фоиз, минерал ўғитлар 45 фоиз ва ёқилғи мойлаш материаллари 35 фоизга камаяди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти сезиларли даражада ортади.

Ўктам Худойбердиев.