Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургут тумани 2-сектор тажрибаси: Хоразм вилояти масъуллари улардан нимани ўрганган?

Одатда секторлар ҳақида гап кетганда, кўпчилик уларнинг фаолияти ҳақида ижобий фикр билдиришга шошилмайди. Салбий хулоса берувчиларни эса бошқа соҳалар бўйича ҳам топиш мумкин. Ургут туманига сафаримиз давомида ҳудуддаги секторлар фаолияти билан яқиндан танишдик.

Туман прокурори раҳбарлик қиладиган 2-сектор 25 маҳалладан иборат. Яъни, сектор штаби аъзолари, ушбу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга масъул ҳисобланади.

Ўзгаришнинг одамлар ҳаётига таъсири борми?

Албатта, ҳеч ким оғир аҳволга тушиб қолишни хоҳламайди, аммо шуниси аниқки, ҳеч ким бундан кафолатланмаган. Сектор штаби аъзолари, эҳтиёжманд оилаларга айни шундай муносабатда бўлмоқда. Уларга имкон қадар ёрдам бериб, ҳаёти яхшиланишига ҳисса қўшмоқда.

Мисол учун, 2019 йил августда Хўжайдуқ маҳалласида яшовчи М.Жабборовнинг хонадонида эҳтиётсизлик туфайли ёнғин келиб чиққан. Тилсиз ёв сезиларли талафотга сабаб бўлган. Ҳолатдан хабар топган сектор раҳбари аралашуви билан туман ҳокимлиги ва ҳомийлар ёрдамида шифер, зарур қурилиш моллари олиб берилган. Ҳашар ташкил қилиниб, хонадон тўлиқ таъмирланган.

- 2019-2020 йилларда ҳомийларни жалб қилган ҳолда сектор ҳудудидаги 15 нафар ёрдамга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва бошқа фуқароларнинг уй-жойлари таъмирланди, - дейди Ургут тумани прокурори, 2-сектор раҳбари Шуҳрат Холмурзаев. - Бундай ишларга яна кўплаб мисол келтириш мумкин.

Яқинда сектор штаби ташаббуси билан Жозмон маҳалласида жойлашган "Бурхон ота" базмгоҳида "Темир дафтар"да рўйхатда турувчи ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг 10 нафар вояга етмаган фарзандларининг суннат тўйи ўтказилди.

Сектор фаолиятида бу каби ишлар билан бирга ҳудуд нфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, кейинги уч йилда сектор ҳудудидаги 38,1 километр ички йўл таъмирланиб, асфальт қопламаси ёки шағал-тош ётқизилди. Шунингдек, 300 дан ортиқ маънан эскирган симёғоч алмаштирилиб, 7,8 километрлик электр тармоқ тортилди. Бундан ташқари, 19 та трансформатор таъмирланди ва 17 та янги трансформатор ўрнатилди.

Ҳудудни марказлашган ичимлик суви билан таъминлашда бир қатор муаммолар мавжуд. Шу боис, бу борада ҳам босқичма-босқич ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, кўп йиллардан буён Нисбот маҳалласидаги 200 та хонадоннинг ичимлик суви бўлмаган. Уйма-уй юриб, олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланган бу муаммо бўйича ҳомийлик ва ҳашар йўли билан 2 та янги сув иншооти қурилди. Ҳудудда 2 километр сув тармоғи тортилди.

Умуман, сектордаги маҳаллаларда 4 та янги сув иншооти қурилиб, 15 та эски сув миноралари таъмирланди.

Камбағаллик муаммо эмас

Ургут туманида “Темир дафтар”га киритилган 7 минг 422 та оиланинг 1971 таси ёки 27 фоизи 2-сектор ҳудудида истиқомат қилади. Карантин даврида уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, нақд пул кўринишидаги ёрдам, айрим оилаларнинг коммунал қарздорлиги тўланган, дори-дармон, чорва ва бошқа зарур маҳсулотлар олиб берилган.

Аммо қўлдан берганга қуш тўймас, деб бежиз айтилмаган. Сектор фаолларининг айни шу мақсадда кўрган чора-тадбирлари натижасида эҳтиёжманд оилаларнинг 2 минг 405 нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари бандлиги таъминланган.

- Ҳудуддаги аҳоли бандлигини таъминлашда, аввало, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга эътибор қаратилди, - дейди сектор штаби аъзоси З.Хўжаёров. – Мисол учун, баҳаво тоғ ёнбағирларида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича бир қанча ишлар олиб борилди.

Хусусан, 2020 йил давомида Нисбот, Тароқли, Жўраптепа ва Бешкон маҳаллаларида 73 нафар фуқарога субсидия асосида, жумладан, 50 нафарига 2 сотихли ва 23 нафарига 1 сотихли иссиқхона қуриб берилди. Жозмон маҳалласида яшовчи тадбиркорга замонавий иссиқхона қуриш учун 1 миллиард сўм кредит маблағи ажратилишида ёрдам берилган.

Шунингдек, хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш, шу орқали янги иш ўринлари яратиш чоралари кўрилмоқда. Мисол учун, сектор раҳбарининг кўмаги билан 3,5 миллиард сўмлик кредит маблағи эвазига Баҳрин маҳалласида замонавий ҳаммом ва хизмат кўрсатиш шохобчаси қурилди.

Олис тоғли ҳудуд ҳисобланган Қоратепа маҳалласида яшовчи Ф.Исроиловнинг  тадбиркорлик фаолиятини бошлашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати асосида 500 миллион сўм кредит маблағи олишига кўмаклашилди. Натижада, маҳалла марказида “Шодиёна” диагностика ва даволаш маркази барпо этилди.

Республикада тан олинган тажриба

Камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини оширишда, парранда парваришини йўлга қўйишда “Ургут тажрибаси” республикада тан олинган.

Сектор мутасаддиларининг айтишича, бунда ҳудудда фаолият кўрсатаётган “Ургут Сифат Парранда” масъулияти чекланган жамияти билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Дастлаб 240 та оилага гўшт йўналишида 12 бош жўжа тарқатилган. Лойиҳа ўзини оқлагач, кейинги босқичга киришилган. Бунинг учун тадбиркор Туркиядан инкубатор, Хитойдан ем ишлаб чиқаришга мўлжалланган дастгоҳ сотиб олди.

Натижада, тадбиркор томонидан 30 мингта бройлер жўжа очиш, бир соатда 7 тонна ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати яратилган. Корхонада ишсиз фуқароларга товуқчилик иши ўргатилиб, ҳар бирининг истагига кўра, хонадонида боқиш учун 10 кунлик жўжа ва ем етказиб берилмоқда.

- Битта хонадонда 500-1000 тагача жўжа боқиш имконияти мавжуд, - дейди сектор котиби Бегзод Аминжонов. – Ҳар бир етилган жўжа учун 2 минг сўмдан пул бериш назарда тутилган. Яъни, ҳудуддаги исталган оила 30-35 кунда қўшимча 1-2 миллион сўм даромад олиши мумкин.

2020 йил декабрда давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бошчилигида фаоллар келиб сектор тажрибасини ўрганиб кетганди.

Бугунги кунда ҳудудда “Темир дафтар”да қолаётган оилаларга имкониятига қараб ҳамда қайта тайёрлов курсларида ўқитиш орқали мотокультиватор, пишириқ печи, тикув машинаси, пайвандлаш ускунаси субсидия шартлари асосида тақдим этилмоқда.

Шунингдек, секторда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” бўйича алоҳида иш олиб борилмоқда. Негаки, ҳудудда 20 минг 718 нафар ёшлар, 21 минг 858 нафар хотин-қиз мавжуд. Улардан 11 минг 169 нафар ўғил-қиз ҳамда 13 минг 176 нафар опа-сингилларимизнинг бандлигини таъминлаш талаб этилади.

Албатта, бу иш “Бошқарув офиси” - молия, банк, ҳокимлик, ғазна ва бошқа молия-иқтисодиёт тизими ташкилотлари ходимлари томонидан ҳудудда ўрганиш ва хатлов ишлари билан биргаликда ҳал этилади. Чунки ўрганиш натижалари ва ҳар бир маҳалла бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда.

Ё.Марқаев.