Ургутда "Lacetti" 4 нафар пиёдани уриб юборди

Туманнинг Ғўс қишлоғида "Lacetti" ҳайдовчиси 4 нафар пиёдани уриб юборган, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 2 киши ҳалок бўлган.

Ушбу аянчли ҳолат 25 октябрь куни соат тахминан 22:30 ларда Ургутнинг Ғўс маҳалласи ҳудудидан ўтувчи ички йўлда содир бўлган.
Вилоят ИИБ хабарига кўра, ҳайдовчи А.О. бошқарувида бўлган "Lacetti "русумли автомашинани Ғўс маҳалласи йўналиши бўйича тезликни меъёридан ортиқ бошқариб бориб, ушбу йўлнинг қатнов қисмидан пиёда ҳаракатланиб кетаётган 4 нафар фуқарони уриб юборган.
Оқибатда, 2 нафар пиёда вафот этган, 2 киши тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.