Ургутда ўқиган қизлар “ўтириб қолади”(ми) ёхуд нега ёшлар талаба бўлишни истамаяпти?
Самарқанд вилояти ўтган йил умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш бўйича 8,2 фоиз билан республикада 11-ўринни эгаллаган эди. Вилоят халқ таълими бошқармасининг маълумотига кўра, бу йил битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш кўрсаткичи 12 фоизни ташкил этмоқда.
Жорий йил энг юқори кўрсаткич Самарқанд шаҳри мактабларига тўғри келмоқда. Шаҳарда бу йил 6295 нафар ўқувчи 11-синфни битирди ва уларнинг 22,3 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кирди.
Иккинчи ўринни Пахтачи тумани мактаблари эгаллади – 16,6 фоиз мактаб битирувчиси олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Битирувчиларининг 14,6 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган Каттақўрғон шаҳри учинчи ўриндан жой олди.
Мактаб ўқувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичи энг паст ҳудудлар – Каттақўрғон (10,3 фоиз), Жомбой (9,9 фоиз), Ургут (5 фоиз) туманлари бўлди. Ургут тумани мактаблари ўтган йили ҳам нафақат вилоятда, балки республика миқёсида энг паст кўрсаткичга эга бўлганди. Хўш, нима сабабдан? Шу саволга жавоб излаб, Ургут туманида бўлдик.
Тойлоқ туманидан 800 нафарга яқин ўқитувчи қатнаб ишлайди
Бугун туманда 143 та мактаб, 14 та мактаб филиали бўлиб, уларда 6463 нафар ўқитувчи ёш авлодга таълим-тарбия беради. Ўқитувчиларнинг 66 нафари олий тоифа, 408 нафари 1-тоифа, 1343 нафари 2-тоифа, 3958 нафари мутахассис кадрлардир. Шунингдек, туман мактабларида 246 нафар тугалланмаган олий маълумотли ва 688 нафар ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар меҳнат қилмоқда. Бир қарашда туман мактабларида фан ўқитувчилари етарлидек, бироқ уларнинг 800 нафарга яқини Тойлоқ туманидан қатнаб ишлайди. Нега? Сабабига кейинроқ тўхталамиз.
360 ўринли мактабда 847 нафар бола ўқийди
Ғўс маҳалласидаги 99-умумий ўрта таълим мактабидан бу йил олий ўқув юртларига бирорта ҳам ўқувчи кирмаган. Ўқитувчиларнинг айтишича, бу йил ҳомийлар ёрдамида кўчадан мактабгача бўлган қия йўл цемент бетон қилинибди. Авваллари аҳвол бундан ҳам бадтар экан, қишда қор ёғиб, ер музласа, мактабга кириш йўли жуда хавфли бўлиб қоларкан.
Мактаб 360 ўринли бўлиб, унда 847 нафар бола ўқимоқда. Мактабнинг бир қаватли пастқам эски биноси 1991 йилда ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, ички йўлаги пол қилинмаган. Синф хоналари, ўқитувчилар хонаси ва ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари хонасида иситиш мосламаси йўқ. “Қишда печка қурамиз”, дейди ўқитувчилардан бири. Афтидан, ўтган йили вилоят бўйича буржуйка печларидан воз кечдик, деб эски мактаб биносидаги қўлбола печларни ҳам олдириб ташлашган кўринади. Мактабнинг эски биноси умуман замон талабига жавоб бермайди. Эшик, деразадан тортиб, хона ичидаги жиҳозларгача эскириб кетган.
- Ўқувчиларнинг ўзлари ўқишни истамайди, - дейди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Жарқин Исматов. – Сабаби, маҳаллий аҳоли чет элга майиз, туршак каби қуруқ мева сотиш билан шуғулланади. Ўғил болалар мактабни битириб, ота касбини танлайди. Қизларни эса мактаб давриданоқ унаштириб қўйишади. Мактабни тугатгач, турмушга узатишади. Улар фақат уйда тўн тикиш билан шуғулланади.
Мактабнинг янги биноси 1998 йилда қурилган бўлиб, ўқув хоналарининг бирида атиги 4 нафар ўқувчига дарс ўтаётган ўқитувчини учратдик.
- Пандемия шароитида синфларни иккига бўлиб ўқитяпмиз. Бугун 15 нафар ўқувчи дарсга келиши керак эди, - деди биология фани ўқитувчиси Хушнуддин Азимов. – Ўқувчилар 2-3 соат дарсда қатнашиб, кетиб қоляпти. Мана кўрганингиздек, 4 нафар ўқувчига дарс ўтяпман.
Биз дарсга қатнашаётган 10-синф ўқувчиларидан келажакда ким бўлмоқчи эканини сўрадик. Улардан бири иқтисодчи, уч нафари эса тадбиркор, яъни қуруқ мева савдоси билан шуғулланишини айтди.
Қизлар ўқувчилигида унаштириб қўйилади
Испанза қишлоғида жойлашган 7-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиларининг ҳам олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи жуда паст. Бунинг сабабини мактаб директори Шамсиддин Саидмуродов қуйидагича изоҳлади:
- Бу йил мактабни 86 нафар ўқувчи битирди, шундан 64 нафари олий таълим даргоҳларига ҳужжат топширди (унинг учун ҳам ўқувчиларнинг ҳар бирининг уйига бориб, ота-онаси билан гаплашганман) ва атиги 1 нафари ўқишга кирди. Аҳоли Россия, Украина давлатларига қуритилган мева сотиш билан шуғулланади ва яхши даромад қилади. Шунинг учун ёшлар ўқишни давом эттиришни истамайди.
Мактабда 19 йилдан бери раҳбарман. Эски мактаб биносини давлат дастурига киритиб, реконструкция қилдик. Бироқ 2017 йилда қурилган бинонинг физика, кимё, биология синфларига лаборатория жиҳозлари ҳалигача берилмаган.
Афтидан бу мактабда ҳам иситиш тизими ишламайди, бироқ директор «мактабимиз қишда иссиқ бўлади», деди.
- Мактабга 20-25 километрлик узоқдан қатнаб ишлайдиганлар бор, - дейди директор ўринбосари Наргиза Маматкаримова. – Ўзим Тойлоқ туманидан қатнаб ишлайман. Дастлаб Ургут тумани марказигача, сўнгра бошқа транспортда мактабгача келаман. Тойлоқда олий маълумотли ёшлар жуда кўп, шунинг учун у ердаги мактабларда дарс соатлари кам. Дарс соатлари камайганидан кейин маош ҳам камаяди. Қийналсам ҳам узоқдан келиб ишлайман. Қишда кечки пайт транспорт топиш қийин бўлади. Соат 19:00 да уйга кириб бораман.
Испанзада қизлар эрта унаштириб қўйилади. Мактабни битиргач, турмушга бериб юборишади. Бу ерда олий маълумотли бўламан дейдиган қизлар кам. Бирор қиз олий таълим даргоҳида ўқиса, “ўтириб қолади”. Шунинг учун ота-оналар қизини ўқитишдан кўра, турмушга беришни афзал кўради.
Бинога оптик тола келган, аммо интернетга уланмаган
Тумандаги 136-ИДУМнинг 49 нафар битирувчисидан 18 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.
- Ўтган йилги кўрсаткичимиз бундан ҳам яхши эди, - дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Бахриддин Нажмиддинов. – Бу йил пандемия сабаб, ўқишга кирганлар сони бироз камайди. Бизнинг ҳам ўзимизга яраша муаммоларимиз бор. Ўқув даргоҳимиз 1991 йилда «Иқбол» лицейи номи билан ташкил қилинди. Бироқ алоҳида ўқув биномиз йўқлиги сабабли тумандаги 54-мактабда фаолият олиб бордик. 2005 йилдан лицей ихтисослашган давлат умумтаълим мактабига айлантирилди. Ҳозирги кунда СамДУнинг 3-сон академик лицейи биносида вақтинча турибмиз. Ушбу бинога оптик тола келган, аммо интернетга уланмаган. Лаборатория хоналари мавжуд эмас. Иситиш тизими ишламайди. Математика ўқитувчисини четдан чақиришга мажбур бўляпмиз, информатика ўқитувчиси бир нафар, аслида икки нафар бўлиши керак, мусиқа ўқитувчиси йўқ. Агар мавжуд муаммолар ҳал этилса, ўқув даргоҳимизда таълим сифати яна ҳам ошарди.
Тоғли ҳудудлардаги мактабларда мобиль телефон ҳам ишламайди
Туманда 121 та мактаб оптик толали интернетга уланмаган. Буниси ҳам майли, баъзи тоғли ҳудудларда жойлашган мактабларда мобиль телефон ҳам ишламайди.
- Агар бирор топшириқ берадиган бўлсак, тоғли ҳудудларда жойлашган мактабларнинг директоридан қоровулигача телефон қилиб чиқамиз, - дейди исми сир қолишини истаган туман халқ таълими бўлими ходими. – Зора, биронтаси алоқа бор жойда бўлса-ю, биз боғлана олсак деймиз.
Эътибор беринг, таълим сифати кўрсаткичи ўрганилаётганда бундай муаммолар борлиги эътиборга олинмайди. Тўғрироғи, бу каби муаммолар ҳеч қаерда айтилмайди.
Тижоратчиларни ҳам ўқитиш зарар қилмайди
Ургут тумани бозори республикамизда машҳур бозорлардан бири. Бозор атрофидаги аҳоли савдо-сотиқ билан шуғулланади. Суриштирув натижасида шу нарсага амин бўлдикки, туман бозорига яқин ҳудудларда жойлашган мактаб ўқувчилари болалигидан савдо-сотиқ, тижорат билан шуғулланишга қизиқаркан. Бунга имконият ва шароит етарли. Хўш, шундай экан, чет элга ўз маҳсулотларимизни экспорт қилиш билан шуғулланаётганлар учун мактаб маълумоти етарлими? Ургутлик ёшларни чет тилларига мукаммал ўқитиш, туманда маркетинг соҳасида олий ўқув юртларининг филиалини ташкил қилиш вақти келмадими? Жаннатмакон юртимизнинг сархил мева-чевалари жаҳон бозорларини тўлдириш учун чет тилларни биладиган тижоратчилар тайёрлаш керак эмасми?
Бундан ташқари, ота-оналар билан ишлашни йўлга қўйиб, қизларни ҳам олий маълумотли қилишга ёрдам бериш керак. Наҳотки, бу ҳақда мутасаддилар ўйламаётган бўлса? Балки ургутлик қизлар ҳам ўқишини давом эттиришни истар, уларнинг ҳам орзу-ҳаваслари бордир? Қишлоқ шароитида мактаб, боғча, тиббиёт соҳасида ҳам хотин-қизлар керак-ку.
Ургутда Қоракўл мактаби филиали очилади
- Яқинда тумандаги барча мактаб директорлари билан биргаликда Бухоронинг Қоракўл туманидаги машҳур мактабга бориб келдик, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири Бахтиёр Обломуродов. – Биз мактабнинг ташқи кўринишига, таъмирига эътибор берар эканмиз. Қоракўлдаги мактаб оддий таълим даргоҳи бўлиб, у ерда фақат ўқувчининг билими биринчи ўринда турар экан. Мактаб директори билан анча вақт суҳбатлашдим, ўқувчиларининг ютуқлари сабабини сўрадим ва Ургут туманида ҳам Қоракўл мактаби филиалини очишга қарор қилдик. Собиқ иқтисодиёт коллежи биносини янги йилгача ихтисослашган мактабга айлантиришни режалаштиряпмиз. Шунингдек, ўрганган тажрибаларимиз асосида йўл харитаси тайёрлаяпмиз. Ўзим Ғўс маҳалласидаги 153-умумий ўрта таълим мактабини оталиққа олдим. Бу мактабда ўқувчилар қатор йиллардан буён олий таълим муассасаларига ўқишга кирмайди. Энди бу мактаб доим назоратимда бўлади.
Бундан ташқари, 8 та ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби очмоқчимиз. Ҳанузгача аҳолиси зич жойлашган туманимизда атиги битта ИДУМ бор.
2020 йилнинг 22 октябрь ҳолатида, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи 5 фоизни ташкил этяпти. Ҳали ўқишга кириш давом этмоқда. Кимдир қўшни давлат олий таълим муассасасига ҳужжат топширган бўлса, кимдир табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишни истамоқда. Ҳеч бўлмаса, кўрсаткичимиз 7 фоизга кўтарилади, деган умиддаман.
Сафаримиз чоғида биз туман марказига яқин мактаблар билан танишдик ва муаммоларини ёритишга ҳаракат қилдик.
Яна бир гап. Туман ва шаҳарлар кесимида олиб қаралса, Ургут туманида 143 мактаб бўлса, Каттақўрғон шаҳрида атиги 18 та мактаб мавжуд. Бундай тафовут ҳам таълим тизимини бошқаришда бирдек талаб қўйиш адолатдан эмаслигини кўрсатади. Сиз нима дейсиз?
Хуршида ЭРНАЗАРОВА,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).