Ургутдаги мактабни таъмирлашда нега эски ёғочдан фойдаланилмоқда?

Телеграмдаги @zarafshonbot манзилимизга  Ургут туманидаги 27-умумтаълим мактабида олиб борилаётган капитал таъмирлаш ишлари жараёнида бино томини ёпишда эски қурилиш материалларидан фойдаланилаётганлиги ҳақида мурожаат келиб тушди. Ҳолатни жойида ўрганиш мақсадида ушбу мактабда бўлдик.

Инвеcтиция дастури асосида жорий йилда мазкур таълим муассасасини капитал таъмирлаш белгиланган. Бу вазифани тумандаги “Моҳли Оқила” хусусий корхонаси қурувчилари амалга оширмоқда. Шу йилнинг апрель ойидан бошланган қурилиш ишлари жараёнида мактабнинг тўртта ўқув корпуси, спорт зали ва бошқа биноларини таъмирлаш, эшик ва ромларни алмаштириш, том қисмини янгилаш, атрофни ўраш, замонавий иситиш тизимини яратиш каби вазифалар режалаштирилган. Лекин қурилиш жадал ва сифатли амалга ошириляпти, деб бўлмайди. Бинонинг том қисмини янгилашда, ҳақиқатдан ҳам, эски, аввал фойдаланилган ёғоч материаллар ишлатилаётганининг гувоҳи бўлдик.

Бухоро вилоятидаги Олот ва Қоракўл туманларида яқинда кузатилган шамол оқибатида кўплаб бинолар том қисми бузилгани каби кўнгилсизликлар такрорланмаслигига ким кафолат беради? Узоқ йиллар фойдаланилган эски тахталар қайта ишлатилса, кучли шамолларга  бардош бера оладими? 

Қурилиш корхонасининг раҳбари таъкидлаганидек, “оптимизация” сабаб маблағ камайтирилгандир, қурилиш материалларидан тежаб-тергаб фойдаланилаётгандир. Аммо бу қурилиш сифатига салбий таъсир кўрсатмаслиги, бугун капитал таъмирдан чиққан мактаб бир-икки йилдан сўнг яна таъмирга муҳтож бўлмаслиги керак.

Ҳа, дарвоқе, ушбу объектда ишлаётган қурувчилар билан суҳбатлашганимизда улар тушликда гўштсиз ош пишириб берилаётганлигини ҳам айтишди. Ўйланиб қолдик, наҳотки “оптимизация” ишчиларнинг овқатланишига ҳам таъсир қилган бўлса.

Ўйлаймизки, юқоридаги ҳолатларга мутасаддилар эътибор қаратишади.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ.