Ушбу ҳафта ҳаво ҳарорати бироз пасайиши кутилмоқда, айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин

"Ўзгидромет" хабарига кўра, Кавказ ҳудудларидан нисбатан бироз салқин ҳаво кириб келиши ҳисобига эртанги кундан иссиқ бироз пасаяди. Ҳаво ҳарорати иш ҳафтасининг охиригача +33...+38 даража атрофида бўлади.

Республиканинг энг чекка жанубида иссиқ ҳаво массасининг таъсири сақланиб туради. Ҳарорат асосан +39...+41 даража, ҳафта ўртасига келиб Сурхондарё вилоятининг баъзи жойларида +42...+44 даража бўлади.

20 июнда Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек кечаси ва эрталаб Тошкент вилоятининг жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ҳафтанинг биринчи ярмида об–ҳавонинг беқарорлиги республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сақланиб туради – баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Бугун куннинг иккинчи ярмида ва эртага баъзи жойларда кучли ёмғир ёғади, дўл ёғиши эҳтимолдан ҳолис эмас.

Бугун ва эртага республиканинг баъзи жойларида, 23 июнда жанубда ва чўл ҳудудларда шамолнинг кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.